Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳиндистон вазири интернетни қадимги ҳиндлар ихтироси деб атади
Ҳиндистоннинг Трипура штати вазири Биплаб Деб интернетни қадимги ҳиндлар ихтироси деб атаб, интернет фойдаланувчиларининг кулгусини қистатди. Бу ҳақда BBC News хабар берди.
Вазирнинг айтишича, интернет минг йил аввал мавжуд бўлган ва бунинг исботи сифатида қадимги ҳинд достони “Маҳобхарат”ни келтирган. Унинг фикрича, достондаги воқеалар нафақат интернет, балки сунъий йўлдош ҳам қадимги Ҳиндистонда яратилганини тасдиқлайди.
Ҳиндистонлик фойдаланувчилар Дебнинг бу сўзлари устидан пичинг қила бошлашган: баъзилар қадимги ҳиндлар ўз ихтиролари ҳақида маълум қилиш учун нима учун Facebook ёки Siri’дан фойдаланмаганларини айтган бўлсалар, бошқалар эса интернетнинг қадимги Ҳиндистонда кашф қилиниши ҳиндларга троллар сони бўйича етакчи бўлишда ёрдам берганини айтиб кесатишган.
Ҳиндистонлик амалдорлар замонавий ихтироларни ўзларининг бир неча асрлар олдин яшаган аждодларига тегишлилигини биринчи марта айтишмаяпти. Мисол учун, 2014 йилда Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди косметик жарроҳлик қадимги замонлардаёқ Ҳиндистонда мавжуд бўлганини, 2017 йилда Ҳиндистон таълим вазири Сатяпал Сингх эса самолёт қадимги Ҳиндистонда яратилганини айтган.