Иқтисодиёт | 15:52 / 19.04.2018
7285
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон истиқболда Россиядан йилига 5 млн тоннагача нефть олишни мўлжалламоқда

Фото: KUN.UZ

Россия ва Ўзбекистон Россия нефтини республикага етказиб бериш бўйича ҳукуматлараро келишувни ўзаро мувофиқлаштиришни якунламоқда. Бу ҳақда Россия энергетика вазири Александр Новак хабар берди, деб ёзмоқда ТАСС.

«Ўзбекистонга нефть етказиб бериш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни муҳокама қилиш сўнгги босқичда турибди», - дея айтиб ўтди у Қандим газ комплексининг ишга туширилиш маросимида чиқиш қилиб.

Аввалроқ, Россия Федерацияси энергетика вазирининг ўринбосари Кирилл Молодцов «Газпром нефть» келгуси йилда Ўзбекистонга 1 миллион тоннагача нефть етказиб бериш имкониятларини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар қилганди, аммо барчаси транспорт тизимининг ўтказувчанлик имкониятига боғлиқ бўлади.

ТАСС’нинг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Ўзбекистон истиқболда Россиядан 1 миллион тонна, 2020 йилдан кейин эса 3 миллион тонна нефть етказиб берилишини истайди.

Агентлик суҳбатдоши таъкидлаганидек, ҳозирги пайтда Ўзбекистон йўналиши бўйича эркин ўтказиш қуввати фақат 500 минг тоннани ташкил этади, етказиб бериш ишлари амалга оширилаётган «Шагир» нефть қуйиш эстакадасининг қуввати эса - 700 минг тонна.

Шу билан бирга, етказиб беришни кўпайтириш учун ҳар бирининг қиймати 5 миллиард рублга тенг бўлган иккита нефть насос станциясини қуриш талаб этилади.

Энергетика вазири ўринбосари Анатолий Яновскийнинг ТАСС’га хабар беришича, музокаралар ҳозирда бошланғич босқичда турибди. Унга кўра, гап қўшимча 5 миллион тонна нефтни етказиб бериш ҳақида бораётган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, Яновский уларни ҳам Россия ҳудудидан, ҳам Қозоғистон ҳудудидан амалга ошириш мумкинлигини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид