Иқтисодиёт | 09:55 / 20.04.2018
10217
2 дақиқада ўқилади

Ер ости бойликларидан фойдаланиш соҳасида жарималар 10 ва ундан кўп марта оширилди

18.04.2018 йилдаги  ЎРҚ–476-сон Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди, деб ёзмоқда Norma.
 
Биринчидан, ер ости бойликларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш талабларини (МЖТКнинг 70-моддаси) бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Жарима санкцияларининг оширилиши қуйидаги жадвалда яққол намойиш этилган.

Иккинчидан, дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилди. Бунинг учун фуқароларга 30 дан 50 ЭКИҲгача, мансабдор шахсларга эса 50 дан 100 ЭКИҲгача жарима солинади. Ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни (махсус техника ва ускуналар: лебёдка, экскаваторлар, бульдозерлар ва ҳ.к.) ёки унинг бевосита ашёсини мусодара қилиб фуқароларга 50 дан 70 ЭКИҲгача, мансабдор шахсларга эса 100 дан 150 ЭКИҲгача жарима солишга сабаб бўлади.
 
Мазкур тоифадаги ишларнинг судга тааллуқлилиги содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик таркибига боғлиқ. Биринчи марта содир этилган ҳуқуқбузарликлар (МЖТКнинг 70-1-моддаси 1-қисми) Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ваколатига, такрор содир этилганлари эса (МЖТКнинг 70-1-моддаси 2-қисми) маъмурий судлар ваколатига киритилди. 
 
Бунда ҳуқуқбузарларни маъмурий ушлаб туриш ички ишлар органлари ходимлари ва Экология давлат қўмитаси  органлари мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади. Ушлаб туриш сабаблари бартараф этилгунига ва иш кўриб чиқилгунига қадар транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш ҳуқуқи фақат Экология давлат қўмитаси  органлари мансабдор шахсларига тегишли.
 
Қонун 19.04.2018 йилда кучга кирди.

Мавзуга оид