00:54 / 22.04.2018
7172

Самарқандда қарийб 104 млн долларлик экспорт шартномалари имзоланди

Фото: chamber.uz

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон давлати ишбилармон доира вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Форумнинг тантанали очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Жамшид Ўроқов иштирок этди, деб ёзади Ўзбекистон савдо-саноат палатаси расмий сайти.

Бизнес-форумни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад икки давлатнинг умумий транспорт-коммуникациявий имконияти ва транзит салоҳиятидан тўла фойдаланиш орқали ўзаро товар айланмаси ҳажмини сон ва миқдор жиҳатидан ошириш, саноат маҳсулотлари миллий кўргазмасини ташкил этиш ҳисобига тадбиркорларимиз ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат.

Унда Тожикистоннинг 200 дан ортиқ ишбилармонлар ҳамда 200 га яқин махаллий йирик корхона ва компания вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида иштирокчилар учун икки мамлакатда инвесторлар учун яратилаётган шароит, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида муҳим маълумотлар берилиб, мавжуд иқтисодий имкониятлар тақдимоти ўтказилди.

Тожикистонлик ишбилармонларнинг ташрифи доирасида икки мамлакат тадбиркорлари учун кооперацион биржа ҳам ўтказилиб, унда ишбилармонлар ўзаро тажриба алмашиш, қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш хамда манфаатли шартномаларни имзолаш имкониятига эга бўлдилар.

Форум доирасида шунингдек, Самарқанд вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилоятининг ишлаб чиқарувчи корхоналар, тадбиркорлар ва ҳунармандлар маҳсулотларининг кўргазмаси ташкил этилди.

Ўтказилган тадбирлар доирасида қарийб 104,0 млн АҚШ доллари миқдорида экспорт шартномалари имзоланди.

Top