Иқтисодиёт | 16:51 / 08.11.2023
18160
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон маҳсулотлари учун янги бозорларни очиш имконияти – ИҲТ доирасидаги бизнес-форумдан репортаж

Бизнес форумда ИҲТ доирасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳолати, шунингдек, уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистон ва ИҲТга аъзо давлатларнинг юздан ортиқ тадбиркорлари иштирок этди. Тадбир якунида турли соҳалар бўйича йирик шартномалар имзоланиши кутиляпти.

8-9 ноябр кунлари Тошкент шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити бўлиб ўтади. Хусусан, саммит доирасида «ИҲТ давлатларида кичик ва ўрта бизнес – иқтисодий ривожланиш ва тараққиётнинг асосий драйвери» мавзусида 5-бизнес форуми ҳам ўз ишини бошлади. Унда Ўзбекистон ва ИҲТга аъзо давлатларнинг юздан ортиқ тадбиркорлари иштирок этди.

Тадбиркор Саодат Аҳмедованинг таъкидлашича, бу каби форумлар тадбиркорларга ўзаро мулоқот учун майдон ҳисобланади ва бир-бирларини қўллаб-қувватлаш учун имкониятлар тақдим қилади.

Мазкур анжуман савдо сиёсатини либераллаштириш ва уйғунлаштириш, бизнес юритиш учун харажатни камайтириш, савдо тартиб-тамойилини соддалаштиришга хизмат қиладиган йирик ташаббуслар майдонига айланиши кутиляпти.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази берган маълумотга кўра, 2021 йил Ўзбекистоннинг тузилма таркибидаги мамлакатлар билан товар айланмаси 35,1 фоиз ўсиб, 11,2 миллиард долларга етган. 2022 йил ўсиш тенденцияси давом этган ва товар айирбошлаш кўрсаткичи 10,4 фоиз ўсиб, 12,4 миллиард долларни ташкил қилган.

Умуман олганда, ИҲТ мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашган. Жумладан, 2023 йилнинг 9 ойида ўзаро товар айланмаси 9,2 миллиард долларни ташкил этиб, аъзо мамлакатларнинг Ўзбекистон умумий товар айланмасидаги улуши 20,5 фоизга етган. Бунда экспорт миқдори 4,2 миллиард доллар, импорт эса 5 миллиард долларга тенг.

Маълумот учун, иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига ўнта давлат — Озарбойжон, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо.

Мавзуга оид