Жамият | 08:46 / 24.04.2018
38880
5 дақиқада ўқилади

Азизбек даволаниши учун йиғилган пуллар ўғирланди, оила яна қийин аҳволга тушиб қолди 

“Онамнинг кўзида мужда бор. Худодан сўрагани - дардимга шифо. Розичилик олганимда бардош беролмаганидан қўйиб юбормаган эди. Балки шунгадир, Худо мени уларга қайтариб берди. Ёшим 18да. Лекин хасталик чипқондай ёпишгандан бери 80 йил яшагандекман. Гапларим ҳам аввалгидекмас. Болаларча орзу қилмай қўйдим. Ниятим онам ва отамга бирров бўлса-да хизмат қилиб қолиш. Насиб этадими-йўқми, Худо билади.  Бугун ташқарига чиқдим. Анчадан бери уйга кўмилиб ётган эдим. Негалигини билмайман. Бироқ ўзимни ўзим еб қўйяпман. Қизиқ, ҳовлидаги ҳалинчак бўм-бўш. Унинг эгаси болалик. Болалик эса мени эрта тарк этди. Худодан сўраганим бор. Менга яна умр берсин. Шифо берсин! Яхшилик берсин!”.

Бу - Азизбекнинг дил изҳори. Ҳар гал шу йигит ёдимга тушса, унинг беғуборлигидан ҳайратга тушаман. Хасталик теккандан бери шифохонадан шифохонага қатнамоқда. Афсуски, хасталик Азизбекни ҳам, унинг ота-онасини ҳам тинкасини қуритди. Ёдингизда бўлса, Азизбекка хайрия акцияси ҳам ташкил этган эдик. Куни кеча яна уларнинг ҳолидан хабар олиб қайтдик.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

- 7 сентябрь куни ташхис топширгани келганмиз. Ундан олдин эса вирусология шифохонасига борганмиз. Ўша ерда ташхисларга қараб, гематологияга боришларинг керак, деб айтишган, - дейди биз билан суҳбатда Азизбекнинг отаси Анвар ака. – У ерда Азизбекнинг қонига вирус тушгани, даволаниши зарурлигини айтишди. Дори-дармондан анча қийналдик, лекин олиб бердик. Ора-орада ёрдам ҳам бўлди. Ўзим қашқадарёликман, қурувчиликда ишлар эдим. Аммо 8 ойдан буён ўғлимнинг ёнида бўлганим учун ишсизман ҳозир. Уч фарзандим бор, Азизбек уларнинг каттаси. Бошимиздан жуда оғир кунлар ўтди. Ўғлим яна иккита операцияни бошидан ўтказиши керак.

Ҳаётда шундай одамлар борки, ҳатто ожиз инсонларнинг бошидаги мусибатидан фойдаланиб бўлса-да, ўз нафслари йўлида энг пасткаш ишларга ҳам қўл уради. Гап шундаки, Азизбекка хайрия акцияси ташкил этганимиздан сўнг, бемор учун очилган пластик картадан ғайриқонуний тарзда маблағ ўзлаштиришган.

- 8 млн 80 минг пулни ўзлаштириб юборишди. Мен уларнинг қандай инсонликларини билмадим. Уларнинг жазосини Худойимнинг ўзи берсин. Хайрия акциясида иштирок этиб, бизга ёрдам қўлини узатганларга катта раҳмат айтмоқчиман. Биздан ҳам қайтсин, илоҳим. Лекин, билмайман, қайси ноинсоф шу даражада касал эканлигимизни билиб, пулларни ечиб олди? – деди Азизбекнинг отаси. 

Воқеа қуйидагича содир бўлган. Нотаниш бир инсон Азизбекка телефон қилади. “100 минг сўм пул ташлаб юбормоқчи эдик, ҳозир банкда турибмиз, аммо бир тушунмовчилик бўляпти. Шунинг учун ҳозир сизга олтита рақамдан иборат СМС боради, шу рақамларни бизга айтиб юборинг”, дейишган. Табиийки, бу гапларга ишонган Азизбек уларга рақамларни айтган. Фирибгарлар ўша код орқали хайрия акциясида йиғилаётган пулларни ечиб олишган. ИИБга мурожаат қилинган, маълумотларга кўра, уларнинг изига тушилган. 

Азизбек билан суҳбатда унинг хасталикка чалингандан бери одамови бўлиб қолганлигини билдик. Бу, албатта, яхши эмас. Руҳан тушкунликка тушиб қолган Азизбек билан суҳбатлашдик. Ҳовлида сайр қилишга кўндирдик. Қўлимиздан келганча унга далда бўлдик. Кўрсатув аввалида айтилган дил изҳори айни ҳовлидаги сайрда Азизбекнинг қалбидан чиққан изҳор эди. Нақадар қийин аҳвол бўлмасин Азизбек билан хайрлашдик.

Азизлар, шу йигитга меҳр керак. Руҳий далда керак. Имкон қилсангиз суҳбатлашинг, даволанишига кўмаклашинг. Дуоларингизда Азизбекни эслаб қўйинг. Зеро, Яратгувчимизнинг раҳматлари шу каби пок қалб эгаларининг дилларидадир.

Қўшимча маълумотлар:

Хайрия қилмоқчи бўлганлар учун:  Agrobank (Click, Payme) 
8600 0417 3667 4434 Arziyev Anvar

Телефон рақами: +99890 616 52 76 (Анвар ака, Азизбекнинг отаси)

Агробанк АТБ Тошкент шаҳар филиали
МФО:
 00394
ИНН: 201 200 124
Нақд пул топширганда: 2311 6000 6000 0039 4001
Мижоз аризасига асосан картадан картага пул ўтказилганда: 2311 8000 4000 0039 4001
Бошқа ташкилотлардан келиб тушган маблағлар транзити: 2312 0000 9000 0039 4001

Мавзуга оид