Жамият | 01:36 / 26.04.2018
44275
2 дақиқада ўқилади

50 минг сўмлик сохта пулларни тайёрлаган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан сохта купюраларни тайёрлаш ва уларни Тошкент шаҳри ва унинг атрофида муомалага чиқаришга уринган уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон 24 лавҳасида хабар қилинган.

Маълум қилинишича, гуруҳ аъзолари Т. М., Т. М., Д. Р. ўтган қисқа муддат ичида 50 минг сўм қийматидаги сохта купюраларни тайёрлаш билан шуғулланишган. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда Бектемир ЙПХ постида 4 миллион 900 минг сўм миқдорда 50 минг сўмлик қалбаки пулларни Бўка туманига жўнатиш пайтида фуқаро Ш. қўлга олинган. Сўнгра, унинг шериклари ҳам ушланган.

Фото: Скриншот
Фото: Скриншот

Суриштирув жараёнида аниқланишича, жиноий гуруҳ томонидан дастлаб 30 миллион сўм миқдордаги сохта пуллар одамлар кўп тўпланадиган жумладан, чорва моллар бозори, кундалик эҳтиёжлар сотиладиган жойларда муомалага киритилган.

Таъкидлаш жоизки, худди шундай жиноятларни амалга оширгани туфайли гуруҳ аъзоси Т.М.га нисбатан аввал ҳам суд органлари томонидан озодликдан чеклаш жазоси белгиланганди. Аммо у ўзига нисбатан берилган жазодан тўғри хулоса чиқармай, ушбу жиноятга такроран қўл урмоқда. Суриштирув давомида маълум бўлишича, жиноий гуруҳ яқин вақт ичида катта миқдордаги сохта пулларни муомалага чиқаришни режалаштирганди. Шундан сўнг, улар ўз ҳаракатларида танаффус эълон қилиб, жиноий фаолиятини номаълум муддатга тўхтатиб туришга келишганди.

Фото: Скриншот

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 176-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид