Тошкентда 200 минг сўмлик сохта купюраларни сотмоқчи бўлган шахс ушланди
Сохта пул ясовчидан кўп миқдорда қалбаки купюралар, рангли принтер, қоғозлар ва бошқа ашёлар расмийлаштириб олинган.
Тошкентда сохта 200 минг сўмлик банкнотларни сотаётган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, департамент ва Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Э.А. фуқаро Ж.Х.га 200 минг сўмлик купюрадаги жами 300 дона 60 млн сўм қалбаки пулларни 20 млн сўмга сотган вақтида ушланган.
Тадбир давомида Э.Х.нинг машинасидан 4 дона қалбаки купюра ҳамда 200 минг сўмлик миллий валюта сурати туширилган 89 дона А4 форматдаги қоғозлар, чизғич, қайчи ва канцелярия пичоғи ҳамда фуқаролар Д.Т. ва Ж.З.дан компютер ва рангли принтер ашёвий далил сифатида олинган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.