Жамият | 19:13 / 04.05.2018
15417
4 дақиқада ўқилади

Хайрия акцияси: Ҳасанбой Дўстматовдек боксчи бўламан

“Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюрар ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зулмдан қайтарур. (У) эслатма олурсизлар, деб сизларга насиҳат қилур” (Наҳл сураси, 90 оят)
Дарҳақиқат, биз инсонларни гўзал қилиб безаб турадиган хулқ-атвор бу бир-биримизга яхшилик қилишдир. Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида яшовчи Эргашевлар хонадони ҳам фарзандлари бўлмиш Раҳимжонов Ҳасанбойнинг шифо топиб кетиши учун бағрикенг инсонларнинг эзгу ишларига муҳтож. Ҳасанбойнинг касали жиддий. Мурожаатни ўрганиш мақсадида, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази катта илмий ходими Ёқубов Акмал билан суҳбатда бўлдик.

Олий тоифали мутахассиснинг тушунтириши бўйича, Ҳасанбой илгари юрак жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказган. Юракнинг кесилган жойи тўлиқ битмай қолган. Чандиқ сабабли юракдан чиқадиган импульс айланиш ритми бузилиб “юрак бўлмачалари титраши” касаллиги пайдо бўлган. Шу сабабли бола ўзини мунтазам ёмон ҳис қилмоқда, кўнгли айниб, кўз олди қоронғилашмоқда. Ҳозирда бу касалликни уч хил даволаш усули мавжуд. Биринчиси, кучли юрак дорилари билан даволаш. Бу дорилар бошқа органларга салбий таъсир қилиш хусусиятига эга. Тузалиб кетиш даражаси 30-40%. Дорилар доимий равишда истеъмол қилинсагина бу натижага эришиш мумкин. Иккинчиси, электро-импульс терапия-ток билан даволаш. Вақтинчалик даволаш усули. Юрак ритмини жойига келтириш учун ток берилади. Самарасиз даволаш усули ҳисобланади. Лекин, учинчи самарали усул-жарроҳлик амалиёти. Бу янги даволаш тури бўлиб, юракка оёқ томирлари орқали кириб борилиб, чандиқлар секин-асталик билан профессионал тарзда даволанади. Ижобий натижа эса 95% ҳисобланади. Агар касаллик ўз вақтида даволанмаса, юракда қон туриб қолади, клапанлар ишдан чиқади. Юрак етишмовчилиги пайдо бўлиб, касаллик беморни фожиали ҳолатга олиб келиши мумкин.

Ҳасанбойнинг отаси билан бўлган суҳбатда, унинг эгизаги ҳам чақалоқлигида юрак касаллигидан вафот этганини айтдилар. Ҳасанбой 2015 йил 9 мартда «Восит Воҳидов» номли ихтисослаштирилган кардио-хирургия марказида даволанганда юрак нуқсони бартараф этилмагач, Ҳиндистонга бориб жарроҳлик амалиётини бошларидан ўтказган. Ҳозирда эса ўтказилиши лозим бўлган жарроҳлик амалиёти учун оилада етарли маблағ йўқ. Олимжон Эргашевнинг топган пули оила харажатларидан ортмайди. Аллоҳ кўнглига солган инсонларнинг яхшилигига муҳтож. Уларнинг айтишича, юрак нуқсони бўлишига қарамай Ҳасанбой мактабда «5» баҳога ўқийди. “Иймонли, эътиқодли, инсофли ва ватанига хизмат қиладиган бола бўлади, иншооллоҳ” деб айтдилар.
Ҳасанбой бизга фахрланиб “Хасанбой Дўсматовдек машҳур боксчи бўламан” деб айтдилар.

Яратган Ҳасанбойнинг дардига шифо берсин. Яхшилик қилган инсонларга жаннатдан жойлар ато этсин. Ҳеч ким касал бўлмасин. Ҳасанбой ҳам тузалиб, орзуларига эришиб, тенгдошлари қатори чопқиллаб юрадиган, элига хизмат қиладиган фарзанд бўлсин. Барчангизга ташаккур, азизлар.

Ҳасанбой учун очилган хайрия акцияси натижасида керакли маблағ йиғилди. Акцияда иштирок этган барча инсонларга ташаккур билдирамиз. 18.05.2018 й 

Мавзуга оид