23:39 / 04.05.2018
9491

Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг минтақавий иқтисодий форуми​ бўлиб ўтиши кутилмоқда

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Бош вазир биринчи ўринбосари, икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссия ҳамраиси Асқар Маминни қабул қилди. 

Давлат раҳбари учрашув чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон Ҳукуматлараро комиссияси фаолияти самарадорлигини алоҳида таъкидлади ва унинг амалий натижаларидан қониқиш ҳосил қилганини билдирди. 

Kun.uz ахборот манбасининг хабар беришича, учрашувда жорий йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтиши кутилаётган Марказий Осиё давлатларининг минтақавий иқтисодий форуми бўйича таклифлар билдирилган. Айни пайтда форумни ўтказиш билан боғлиқ қўшимча маълумот ошкор этилмаяпти. 
Шавкат Мирзиёев 2017 йил Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» халқаро конференциядаги нутқида ушбу форум ҳақида гапириб, алоҳида ташаббус билдирганди.

Хусусан, «Муносиб келажакни таъминлаш учун бугун биз қандай аниқ вазифаларни бажаришимиз муҳим ва зарур?», деб таъкидлаганди давлат раҳбари. 

Президентнинг сўзларига кўра, бу савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда кооперацияни мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратишдир. 

«​Минтақавий иқтисодий форумни ташкил этиш бу йўналишдаги амалий қадам бўлиши мумкин. Бу ўринда гап бизнес ҳамжамиятлари ўртасида бевосита мулоқот ва ўзаро савдо-иқтисодий, сармоявий ва инновацион ҳамкорлик борасидаги аниқ лойиҳаларни атрофлича муҳокама қилиш ҳақида бормоқда. Бизнинг минтақа мамлакатлари ишбилармон доиралари ҳамда етакчи корхоналар вакиллари билан бир неча бор ўтказган учрашувларимиз иқтисодий алоқаларни сезиларли равишда фаоллаштириш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш имконини берди»​, деб айтганди Шавкат Мирзиёев. 

Дарҳақиқат, 2017 йил давомида Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан товар айланмаси ўртача 25 фоизга, айрим давлатлар билан эса қарийб 70 фоизга ўсди. 

Қозоғистон Ҳукумати аъзоси Асқар Мамин ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувда жорий йилнинг якунига қадар иккитомонлама савдо айланмасини 3 миллиард АҚШ долларига етказиш ҳамкорликнинг муҳим шартларидан бири эканини алоҳида таъкидлаб ўтди. 

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги ўша конференцияда минтақалараро ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратиб, Марказий Осиё давлатларининг ҳудудлар раҳбарлари (ҳокимлари) бизнес ҳамжамиятининг ассоциациясини таъсис этишни таклиф қилганди.

Top