Жамият | 22:53 / 07.05.2018
55654
6 дақиқада ўқилади

Маҳалла гузари фонидаги қинғирликлар. МФЙ раиси, аҳоли ва депутатни ҳеч ким эшитмаяпти

Бугун тадбиркорга яратилган кенг имкониятларнинг амалдаги ифодаси ўлароқ шаҳар ва қишлоқларнинг ривожланиб бораётганини кўриш мумкин. Аммо тадбиркорга берилган имконият – “у истаган ишини қилсин”, дегани эмас. Тадбиркор бўладими, амалдор бўладими ёки оддий фуқаро – Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига бўйсунишга ва ишларини ана шу қонунлар доирасида қилмоғи шарт.

2017 йилнинг 3 февраль куни “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони имзоланди. Албатта, бу фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳужжат ҳисобланади. Аммо мазкур фармон фонида, уни ўзича талқин этган айрим мутасадди ва мансабдор шахслар, тадбиркорлар ундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди.

Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани, Қорақамиш 2/4 массиви олтинчи уй аҳолисидан KUN.UZ таҳририятига бир талай мурожаатлар келиб тушди. Яна ўша мавзу – “Замонавий маҳалла гузари” биносининг ноқонуний равишда қурилиши. Маълумотларга кўра, мазкур массивдаги ушбу бино қурилиши ўтган йилнинг сентябрь ойида  бошланган. Аммо бунинг учун маҳаллий аҳолидан розилик олинмаган, зарур ҳужжатлар ва лойиҳа тақдим этилмаган. Оқибатда норози бўлган одамлар Олмазор туман ҳокимиятига мурожаат қилишади ва қурилиш вақтинчалик тўхтатилади, бироқ бу узоққа бормайди, ишлар аввалгидек давом эттирилаверади.  

- Неча йиллардан буён бу маҳалланинг гузари бўлмаган, - дейди биз билан суҳбатда МФЙ раиси. – Баҳодир Ғойибназаров ҳоким эдилар. Янги сайланган вақтим, маҳаллангиздан  бир жой топинг, ўша ерни обод қилиб, гузар қиламиз дедилар. Кейин биз ҳақиқатда ташландиқ бинони таъмирлаган ҳолда ажойиб, шинам маҳалла гузари қилдик. Орадан вақт ўтиб, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир маҳаллада замонавий маҳалла гузари бўлсин деган кўрсатмалари чиққач, бу ерни суратга олиб кетишиб, менга  туман раҳбарлари : “Оқсоқол, бу ерда икки қаватли бино тушади, биринчисида хизмат кўрсатиш шохобчалари, иккинчисида эса тикувчилик цехи бўлади. Маҳалладаги хотин-қизлар ишли бўлиб қолишади”, дейишди. Бундан хурсанд бўлдим, аммо у бино қолиб мана бу бинонинг қуриб кетилгани ҳеч ақлга сиғмайди.

Маълум бўлишича, мазкур бинони қураётган қурилиш корхонасининг раҳбари ҳам у айнан нима учун қурилаётгани ва нимага хизмат қилишини ҳам билмайди. Одамларнинг айтишича, мазкур бинонинг эгаси улар билан ҳеч қачон учрашмаган. Маҳалла аҳолисининг айтишича, бу ер бир вақтлар боғ бўлган, турли хил мевали кўчатлар ўтқазилган, соя-салқин, ҳордиқ чиқарадиган маскан бўлган.

- Биз тагида дорихонаси, дўкони бор бинони нима қиламиз? Кўчага чиқсангиз, ҳамма жойда шу нарсалар. Унда кўра, мана шу бинонинг ўрнига фаввора қилиб, соя-салқин жой шакллантириб, ўриндиқлар ўрнатишса одамлар ҳордиқ чиқариши учун ажойиб маскан бўларди. Чунки ҳамманинг ҳам шаҳар марказига бориб дам олиб келишга шароити йўқ, - дейди маҳалла фуқароларидан бири.

Мазкур муаммога депутат ҳам аралашган, аммо унинг суриштирувлари ҳам бесамар кетган, ҳеч қайси мутасадди унга керакли ҳужжатлар тақдим эта олмаган. Депутатнинг айтишича, энди у депутатлик сўрови билан ҳокимиятга чиқади.

Видеотасвирчимиз билан қурилиш бўлаётган объектни кўриб чиқар эканмиз, ҳақиқатан ҳам бино қурилиш ишларида техник хавфсизлик қоидаларига амал қилинмаётганлигига гувоҳ бўлдик. Биринчидан, бино ҳеч қандай тўсиқ билан ўраб олинмаган, иккинчидан электр токи билан боғлиқ симлар ҳам хавфли ҳолатда осилиб ётибди. Иккита ҳожатхонанинг ўрни кавланган бўлиб, шундоқ ёнгинасида болалар ўйнаб юришибди. У ерда ишлаётган ишчилар ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан кафолатланмаган, уларнинг яшаш, овқатланиш жойлари жуда аянчли.

Биз воқеа жойида ишчилардан қурилиш эгаси билан боғлаб беришларини илтимос қилдик. Телефон орқали ўзини Суннат деб таништирган шахс қурилиш эгаси эканлигини ва қурилиш билан боғлиқ ҳужжатларни, албатта, кўрсатишини айтиб, гўшакни қўйиб қўйди. Шундан кейин алоқага чиқмади. KUN.UZ мазкур масала юзасидан ҳокимият билан боғланди. Олмазор туман ҳокимининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Алишер Йўлдошев билан суҳбатда мазкур қурилиш объектининг ҳужжатлари сўралди. Ва ниҳоят ҳужжатлар тақдим этилди. Маълум бўлишича мазкур қурилиш “Mahkam building” қурилиш компанияси томонидан олиб борилмоқда экан. Аммо мазкур компания томонидан ҳам айрим зарур ҳужжатлар тақдим этилмади. Хусусан, “ТошаҳарЛИТИ” давлат унитар корхонасининг Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари бўйича берилган хулосаси, шунингдек, жамоатчилик розилиги олганлиги ҳақидаги ҳужжат тақдим этилмади.

Аҳоли эса қурилиш ишлари жадаллашиб кетганидан хавотирда. “Ҳокимият вакиллари келиб аҳоли турмуш мурожаатини  тинглаш ўрнига, бизнинг овозимизни ўчиришга ҳаракат қилмоқда”, дейди улар. Биз воқеалар ривожини кузатамиз. Ҳозирча, бизнинг ўз хулосамиз бор. Умид қиламизки, Тошкент шаҳрининг янги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев замонавий маҳалла гузарлари билан боғлиқ қурилиш ишларини адолат билан кўриб чиқади.

 

Мавзуга оид