Жаҳон | 21:53 / 11.05.2018
5535
2 дақиқада ўқилади

Хитой компанияси Total’нинг дунёдаги энг катта газ кони лойиҳасидаги улушини сотиб олишга тайёр

Фото: REUTERS/Benoit Tessier

Хитойнинг миллий нефть-газ корпорацияси CNPC Франциянинг Total компанияси Эроннинг Жанубий Форс конидаги лойиҳадан АҚШ санкциялари сабабли чиқиб кетадиган бўлса, унда унинг улушини сотиб олишга тайёр. 

Total’га 50,1 фоиз, CNPC’га 30 фоиз ва Эроннинг Petropars компаниясига 19,9 фоиз акция тегишли бўлган нефть-газ компаниялари консорциуми 2017 йил июлда коннинг 11-ҳудудини ўзлаштириш учун шартнома имзолаган. Reuters ахборот агентлиги маълумотларига кўра, шартномада Total келишувдан чиқса, CNPC унинг улушини сотиб олиши опцияси кўзда тутилган.

“Энди Total’нинг лойиҳадан чиқиши эҳтимоли катта, бундай сценарийда CNPC ҳаммасини ўз назоратига олишга тайёр”, деб айтган келишув деталларидан хабардор манба. Шартнома шартларига кўра, CNPC ўз улушини 50,1 фоизгача ошириши ва лойиҳанинг асосий оператори бўлиши мумкин.

Жанубий Форс дунёдаги энг катта газ кони бўлиб, унинг захиралари 13,8 трлн кубметрга баҳоланади. Эрон 20-аср охиридан бошлаб ушбу конни 28 та ҳудудга бўлиб, секин-аста ўзлаштириб келмоқда.

Мавзуга оид