Жамият | 10:47 / 12.05.2018
11411
2 дақиқада ўқилади

Масъулиятсизлик оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинишига олиб келди

Жорий йилнинг 12 май санасида фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди очиқ сайёр суд ташкил қилди. Учрашувда Катта Қорасув МФЙ фаоллари қатнашди.

Судя И.М.Абдувахобов раислигида бўлиб ўтган фуқаролик ишида тарафлар Э.А.Кашина ва В.Вадимович иштирок этди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, жавобгар В.Вадимович вояга етмаган фарзанди Артем Вечеславичга нисбатан оталик вазифасини бажармаган. Мунтазам спиртли ичимликлар истеъмол қилган. Алимент тўловларини тўлиқ равишда тўламай келган.

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 79-моддасига асосан суд ота-онани (улардан бири) қуйидаги ҳолларда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиши мумкин:

ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;
узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;
ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса;
муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса;
ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса. 

Суд томонидан барча маълумотлар тўлиқ ўрганилди. Суд В.Вадимовични қонун доирасида оталикдан ҳуқуқидан маҳрум қилди. Тарафларга тегишли муддатларда қарор юзасидан апелляция ва кассация тартибида шикоят қилишлари мумкинлиги тушунтирилди.