Light | 22:26 / 12.05.2018
46846
2 дақиқада ўқилади

Соғлом ва чекувчи одамларнинг ўпкалари намойиш қилинди (видео) 

АҚШнинг Шимолий Каролина штатидан бўлган Аманда Эллер тамаки чекувчи одамларнинг организми қандай кўринишга эга бўлишини видео орқали намойиш қилди.

Видеода пушти рангдаги соғлом ўпка ва 20 йил давомида кунига бир пачкадан сигарет чеккан одамнинг қора рангдаги ўпкасини кўриш мумкин.

Ҳамшира бўлиб ишловчи Аманда ўпкаларни бирин-кетин ҳавога тўлдиради. Чекувчи одамнинг ўпкаси эластиклигини йўқотган бўлиб, соғлом ўпкага нисбатан тегишли ҳажмда шишмайди.

Таъкидланишича, сурункали обструктив касаллик ва саратонда ўпка ўз эластиклигини йўқотади – у кенгаяди, бироқ тезда пучайиб қолади.

Сўнгра касал ўпкага махсус клапан уланган. Бу клапан нафас олишнинг оғир бузилишлари билан кечувчи муковисцидоз билан касалланганларнинг нафас йўлларини тозалаш ва очишда ёрдам беради. Фақат шундан кейингина чекувчи одамнинг ўпкаси соғлом ўпка каби ишлай бошлаган.

Аманда ушбу роликни фейсбукда жойлаштирган ва бир неча кун ичида 600 мингдан кўпроқ репост тўплаган. Фойдаланувчилар икки лагерга бўлинганлар. Улардан бир қисми чекишга қарши фикрлар билдиришган ва бу зарарий одатдан қандай қутулганлари ҳақида сўзлаб беришган. Бироқ чекишдан воз кечишни хаёлларига ҳам келтирмайдиганлар топилган.

“Мен 12 йил давомида кунига бир пачкадан сигарет чекардим. 2 йил аввал чекишни ташладим. Бундай видеолар буни тезроқ ва осонроқ амалга оширишга ёрдам беради”, деб айтган фойдаланувчилардан бири.

Мавзуга оид