Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари орасида тамаки ва нос чекиш ҳолатлари кўпайгани маълум қилинди
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, республикада 13-15 ёшдаги мактаб ўқувчиларининг 1,7 фоизи тамаки чекади. Ўсмирларнинг 7,7 фоизи ҳаётида бир марта бўлса ҳам чекиб кўрган. Ота-оналардан чекмаслик борасида фарзандларига намуна бўлиш сўралмоқда.
Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари орасида чекиш ҳолатлари кўпайгани маълум қилинди. Бу ҳақда ССВ огоҳлантириш билан чиқди.
Маълум қилинишича, 18-69 ёш оралиғидаги Ўзбекистон аҳолисининг 16,5 фоизи, шу жумладан, эркакларнинг 32,9 фоизи, аёлларнинг 0,8 фоизи тамаки чекади. Аҳолининг 9,9 фоизи тутунсиз тамаки, ўз навбатида тутунсиз тамаки чекувчиларнинг 89 фоизи эса носвой чекади.
Қайд этилишича, ушбу зарарли одатлар мактаб ёшидаги болалар орасида ҳам учрамоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 13-15 ёшдаги мактаб ўқувчиларининг 1,7 фоизи – ўғил болаларнинг 2,3 фоизи, қизларнинг 0,9 фоизи тамаки чекади. Бунда ўсмирларнинг 7,7 фоизи – 10 фоиз ўғил болалар ҳамда 5,2 фоиз қизлар ҳаётида бир марта бўлса ҳам чекиб кўрган.
Статистикага қараганда, 13-15 ёшдаги мактаб ўқувчиларининг 7 фоизи (ҳар 15 нафардан 1 нафари) уйда ва 16 фоизи (ҳар 6 нафардан 1 нафари) ёпиқ жамоат жойларида тамаки тутуни таъсирида бўлишади.
Тамаки, нос ва снюс сингари зарарли одатлар организми ўсиб бораётган ёшларга янада ёмонроқ таъсир қилади. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари қатъий огоҳлантирмоқда.
Таъкидланишича, ўсмир ёшдагиларга тамаки ва унинг бошқа шакллари токсик таъсир қилиб, қуйидаги салбий оқибатларга олиб келади:
- нафас олиш йўллари – томоқ-бурун, ҳалқум, трахея, бронхлар, ўпкага салбий таъсир кўрсатади;
- ўпкаларда йилига 1 кггача қатрон йиғилади. Қатронлар канцероген модда бўлиб, ўпка саратонини ривожлантиради. Чекувчиларда сурункали бронхит, бронхоэктаз ва ўпка эмфиземаси ривожланади, бу эса нафас етишмовчилигига олиб келади;
- кўриш ва хотира ёмонлашади, мушакларнинг кучи камаяди;
- юракнинг муддатидан олдин қариши ортади, нерв ҳужайралари ўлади;
- тери қурийди, ҳуснбузарлар тошиб кетади;
- тана ўсишдан тўхтайди, эшитиш пасаяди, уйқу бузилади;
- жинсий ожизлик, фарзанд кўриш тизимида муаммолар (эрта бепуштлик), гормонал бузилишлар пайдо бўлади;
- атеросклероз, юрак миокарди инфаркти, инсулт, гастрит ва ошқозон-ичак яралари билан касалланишлар кузатилади.
Булар сигарет, нос ва снюс каби ўта зарарли одатларнинг замонавий тиббиёт томонидан ҳозиргача исботланган оқибатлари.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 1,3 миллиардга яқин одам мунтазам равишда чекади ёки бошқа шаклларда тамаки истеъмол қилади. Эркакларнинг тахминан 47 фоизи ва аёлларнинг тахминан 12 фоизи чекади. Чекишни эрта бошлаш ва 20 йилдан ортиқ вақт давомида мунтазам чекиш умр кўриш давомийлигини 20-25 йилга қисқартирар экан.
Мавзуга оид
20:05 / 22.12.2024
“Чекмаслигингиз тамаки тутуни зараридан хавфсиз эканингизни англатмайди” – пулмонолог Давронбек Турсунов
11:02 / 19.12.2024
Навоийда бир мактабдан кетма-кет уч ўқувчи вафот этди
09:30 / 04.12.2024
Дунёдаги энг қиммат 10 та мактаб-интернат: уларда йиллик ўқиш нархи 100 минг доллардан ошади
23:13 / 28.11.2024