Ўзбекистонда ташқи савдо айланмаси 2018 йил январь-апрель ойларида 11,3 млрд. АҚШ долларини, шу жумладан экспорт 5,0 млрд. АҚШ долларини ва импорт 6,3 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди. Ташқи савдо айланмаси сальдоси минус 1,3 млрд. долларни ташкил этди.

Экспорт таркибида энергия манбаалари ва нефть маҳсулотлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 66,2 фоизга ўсиши табиий газнинг 1,9 мартага ошгани ҳисобига тўғри келмоқда. Кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар эса 7,3 фоизга ўсди, шундан пластмасса ва пластмасса буюмларининг экспорти 16,7 фоизга ошди.

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41,6 фоизга ўсиши озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмининг 41,9 фоизга ўсишига олиб келди.

Импорт таркибида асосий улуш машина ва асбоб-ускуналар (умумий импорт ҳажмида 32,5 фоиз) ва кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (12,3 фоиз) ҳисобига тўғри келмоқда.

2018 йил январь-апрель ойларида ташқи cавдо айланмаси сальдоси минус 1310,5 млн долларни ташкил қилди, шундан МДҲ давлатлари билан минус 835,5 млн доллар ва бошқа давлатлар билан 475,0 млн долларни ташкил этди.

МДҲ давлатлари орасида Россия, Қозоғистон, Беларусь, Украина, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари ташқи савдо айланмасида асосий ҳамкорлар ҳисобланиб, уларнинг жами ташқи савдо айланмасидаги улуши 28,0 фоизни ташкил қилди, бошқа давлатлар орасида Хитой, Туркия, Корея Республикаси, Афғонистон, Германия, Латвия, Эрон, Франция давлатлари ҳисобланиб, уларнинг улуши 32,1 фоизни ташкил қилди.

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт ҳажми 115,9 млн долларни ташкил қилди ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41,6 фоизга ошди. Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт ҳажмида 17,3 фоизни мева ва резаворлар (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,0 фоизга ўсди), 65,6 фоизни сабзавотлар (59,4 фоизга), 13,0 фоизни узум (3,4 фоизга) ташкил қилади.