Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган UzWaterAware лойиҳаси доирасидаги Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши ҳамда туман ҳокимликлари қўллови ва иштирокида Қорақалпоғистон Республикасининг Оролбўйи ҳудуди ва Орол денгизига медиа тур ўтказилди.

Унда Ўзбекистондаги кўплаб оммавий ахборот воситалари ходимлари (жумладан, Kun.uz мухбири), фотомухбирлар, блогерлар, Сув хўжалиги вазирлиги ва ФВВ қошидаги Ўзгидромет ходимлари, асли канадалик блогер Лорен Чан, МОМЭМ ходимлари иштирок этишди.

Медиа турдан кўра формати экспедиция кўринишини олган саёҳатга қорақалпоғистонлик профессионал гид, тарих фанлари номзоди, археолог Октябр Дўспанов ҳамроҳлик қилди.

Орол денгизи… Ярим асрдан буён чекинаётган, Марказий Осиё халқларининг қалб оғриғига айланган мавзу.

«Ҳар сафар келганимда Оролни қариб-қартайиб, бир бурда бўлиб қолган, соч-соқоллари оқариб кетган мўйсафид чолга менгзайман, — дейди Октябр Дўспанов. — У билан товуш чиқармасдан сўзлашаман. Кетаётганимда у мени қўйиб юборишни истамаётгандек бўлаверади…»

Тошкентдан Нукусга 1 соату 20 дақиқалик парвоздан сўнг, меҳмонхонада медиа тур аъзолари кечки таомланиш устида эртанги қилинадиган ишлар режасини тузиб чиқишди.

Эрта тонгдан 12та йўл танламас Toyota машиналарида турнақатор бўлиб Орол сари йўл олдик.

Қўнғиротдан ўтганимиздан сўнг бир пайтлар Орол мавжланган, бироқ ҳозирги кунда саксовулу шувоқлар ўстирилаётган жойда бизни Қўнғирот тумани ҳокими ўринбосари Бахтиёр Камолов кутиб олди. У журналист ва блогерларга қисқача интервью бериб, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлади.

Шундан сўнг гуруҳимиз Устюрт платоси томон йўл олди. Устюрт қоялари кўриниш бера бошлади. Чинк деб аталувчи қоялар узра юқорига ўрлар эканмиз, Октябр Дўспанов ўша ерда кичик танаффус қилиб, юқоридан туриб бир пайтлар Орол денгизи ости бўлган бу майдонлар қай тариқа саксовулзорларга айлантирилаётгани ҳақида гапириб берди. Авваллари Ан-2 самолётлари орқали саксовул уруғи сепилган майдонлар энди техника билан ҳайдалиб саксовуллар экилмоқда: қаердадир уруғидан, қаерлардадир кўчатидан.