Иқтисодиёт | 15:00 / 14.05.2018
9038
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш жараёнига эҳтиёткорлик билан ёндашиши керак»

Фото: Obortunity

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишнинг эҳтимолий салбий оқибатларини ҳам ўрганиб чиқиши керак. Бу ҳақда Ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Саифназаров айтиб ўтди. 

«ЖСТга аъзо бўлишдан олдин биз бунинг ижобий жиҳатлари билан биргаликда, мамлакат иқтисодиёти учун эҳтимолий салбий оқибатларини ҳам ўрганишимиз зарур. Шунинг учун, албатта, бу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарур», – деган у Тошкентда ўтказилган Жаҳон савдо ташкилоти ва Жаҳон банки экспертлари иштирокидаги халқаро семинардаги чиқиши вақтида.

Унинг сўзларига кўра, ҳамда халқаро ташкилотлар Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишнинг устунликлари, оқибатларини ўрганиш ва таҳлил қилишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилади. Саифназаров айнан қайси ташкилотлар ҳақида сўз кетаётганига аниқлик киритмаган.

«Миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) битимларида назарда тутилган нормалар билан ўз­аро таққослаш ва мувофиқлаштириш бўйича ишлар давом этмоқда. Ҳукумат даражасида АҚШ, Корея Республикаси, Европа комиссияси билан музокаралар ўтказилди ва бу учрашувларда Ўзбекистонга ЖСТга аъзо бўлишда ёрдам кўрсатилиши ваъда қилинди», – дея Ташқи савдо вазири ўринбосари сўзларини келтирган Kun.uz мухбири.

ЖСТга кириш бўйича ишлар қайтадан тикланиши тўғрисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг ноябрида Жанубий Корея республикасига ташрифи вақтида маълум қилганди. Бу ташаббусни ташкилотга аъзо бўлган бир қатор мамлакатлар қўллаб-қувватлашган.

Жаҳон савдо ташкилоти – халқаро тузилма бўлиб, 1995 йилнинг 1 январида фаолият бошлаган.

Жаҳон савдо ташкилотини тузиш ғояси 1944 йилда БМТнинг молия ва пул айланмаси масаласига бағишлаб Бреттон-Вудсда (АҚШ) ўтказилган анжуман чоғида пайдо бўлган. Мақсад БМТнинг халқаро иқтисодий ҳамкорликка ихтисослашган махсус агентлигини ташкил этишдан иборат бўлган. 1947 йилда Кубанинг Гавана шаҳрида БМТнинг навбатдаги анжуманида Гавана хартияси қабул қилинган, аммо у кучга кирмаган. Шу йили Савдо ва тарифлар бўйича бош битим тузилган ва у 1994 йилгача амалда бўлган.  1995 йил 1 январидан эса ушбу битим негизида Жаҳон савдо ташкилоти фаолият бошлаган. Ҳозирда 10 дан зиёд турли йўналишдаги битимлар унинг норматив-ҳуқуқий базасини ташкил этмоқда. Бу ҳужжатлар талабини бажариш ташкилотнинг барча аъзолари учун мажбурий саналади. Аъзо бўлишни истаган давлатлар ўз миллий қонунчилигини уларга мувофиқлаштириши керак.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган янги вазифалардан бири бу Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши юзасидан музокараларни фаоллаштиришдир.

Мавзуга оид