Ўзбекистон | 17:37 / 15.05.2018
6095
3 дақиқада ўқилади

ШҲТ биринчи аёллар форумида Ўзбекистон иштирок этмоқда

​Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Танзила Норбоева Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Биринчи Аёллар форумида иштирок этиш учун Хитойга жўнаб кетди.Бу ҳақда Хотин-қизлар қўмитаси Ахборот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.

Жорий йилнинг 15-18 май кунлари Пекин шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган «Аёллар кучининг бирлашиши, умумий тараққиёт сари ҳаракат» мавзусидаги ШҲТ Биринчи Аёллар форумида иштирок этаётган Ўзбекистон делегацияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси ўринбосари Светлана Артикова, Мактабгача таълим вазири Агрепина Шин, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директори Дилором Тошмуҳаммедова ва «Соғлом авлод учун» халқаро нодавлат хайрия жамғармаси раиси Светлана Иномова киритилган.

Форумда асосан учта масала муҳокама этилади: аёллар ва инновация, ўзаро манфаатли ҳамкорлик, аёллар ва гўзал олам. ШҲТ аъзо давлат Ҳукумат раҳбарларининг 16-йиғилишида қабул қилинган коммюникеда эътироф этилганидек, инновация ва рақамли иқтисодиёт - узоқ ҳамда ўрта муддатларда иқтисодиётни барқарор ривожланишини таъминлаб берувчи муҳим омиллардан бири.

Шунингдек, Остона шаҳрида ўтган ШҲТ саммитида ҳам эркин ва хавфсиз иқтисодиётни яратиш, энерготежамкор ғояларни татбиқ этиш масаласи кўтарилганди. Юқорида қайд этилган масалалар юзасидан ШҲТ аёллар форуми ташкил этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 24 апрел куни бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилиши Циндаодаги йирик саммит олдидан ҳал қилиниши зарур бўлган барча масалани кўриб чиқди. Унда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Шавкат Мирзиёев ва Хитой раиси Си Цзиньпиннинг икки томонлама учрашувига тайёргарлик кўриш юзасидан хитойлик ҳамкасби билан фикр алмашди.

Маълумот учун, жорий йилнинг 9-10 июнь кунлари ўтказилиши режалаштирилган ШҲТ саммитида 2019-2021 йилларда терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳужжат, ШҲТ доирасида 2018-2022 йилларда узоқ муддатли ҳамкорлик, дўстлик ва яхши қўшничилик тўғрисидаги шартнома, ташкилотга аъзо давлатларнинг 2018-22 йилларда ЮНЕСКОда фаолиятига доир, атрофни муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, шунингдек,эпидемия хавфига қарши курашиш каби ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Мавзуга оид