Ўзбекистон | 22:07 / 16.05.2018
57202
3 дақиқада ўқилади

Қисқа муддатли кучли ёмғир Жомда сел келишига сабаб бўлди — фотолар

2018 йил 15 май куни Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани, Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Деҳқонобод туманларида қисқа муддатли кучли ёмғир ёғиб ўтди. Қисқа муддатли кучли ёмғир ёғиши натижасида, «Самарқанд-Қарши» автомобиль йўлининг тагидан ўтган қувурларга ёмғир суви билан оқиб келган шох-шаббалар тиқилиб қолган ва ёмғир суви йўлнинг устки қисмидан ўтганлиги хабар қилинади ички ишлар вазирлиги расмий веб сайтида.

Биз Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги Жом қишлоғида бўлдик. Бу ерда 15 май куни соат 20:00 лар атрофида Жом сойи бўйлаб келган сел «Самарқанд-Қарши» автомобиль йўлига келиб тиқилиб, 21 та хонадон ва атрофдаги иншоотларни сув босишига сабаб бўлган.

Биз Жом қишлоғига борганимизда сел оқибатлари ФВВ қутқарувчилари томонидан бартараф этилаётган эди.

Сел оқибатида жабрланганлардан бири Собир Сайдуллаевнинг уйи тўлиқ тошқин остида қолган. Уйнинг олд девор сел босимига дош бера олмасдан нураган. Оғилидаги уч бош қорамоли нобуд бўлган. Сел икки автомашинани ҳам оқизиб, уларга жиддий шикаст етказган.

«Сув кутилмаганда жуда шиддат билан келдик, бола чақани олиб чиқиб, жонни сақлаб қолишга улгурдик. Фақат янгамиз лойқа сув ютди. Ҳозир шифохонада. Аҳволи қониқарли», — деди С.Сайдуллаев.

Собир аканинг айтишича, уйига биринчи марта сел кириши эмас. Унинг уйи «Самарқанд-Қарши» йўлига энг яқин ва пастликда жойлашган. У икки йилдан бери катта йўл остидаги сел ўтказувчи қувур кенгайтирилишини талаб қилиб, республика идораларига мурожаат қилиб келганлигини алоҳида таъкидлади.

Kun.uz’га келиб тушган маълумотларга кўра, кеча бўлиб ўтган кучли ёмғир натижасида Самарқанд туманининг Оҳалик маҳалласида ҳам сел тошқи ни рўй берган ва одамларнинг турар жойларига зиён етказган. Бир оиланинг аёли икки фарзанди билан оқиб кетгани ҳақида расман тасдиқланмаган хабар ҳам бор.

Жомликларнинг ҳикоя қилишларича, вилоятнинг барча раҳбарлари икки кундан буён қишлоқда жам бўлиб туришибди. Вилоят ҳокими Т.Жўраев жабр кўрган хонадонларнинг барчасига давлат томонидан ёрдам кўрсатилишини айтиб, одамларнинг кўнглини кўтарган.

Хуршид Далиев, Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz мухбирлари

Мавзуга оид