Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сариосиёдаги халқаро аҳамиятга эга кўприкка сел зарар етказди, ҳаракат вақтинча тўхтатилди
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган М-41 «Бишкек–Душанбе–Термиз» халқаро автомобил йўлидаги кўприк сел оқими таъсирида шикастланди. Ҳодиса оқибатида мазкур йўналишда транспорт ҳаракати вақтинча чекланди.
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган М-41 «Бишкек–Душанбе–Термиз» халқаро автомобил йўлидаги кўприк сел оқими таъсирида шикастланди. Ҳодиса оқибатида мазкур йўналишда транспорт ҳаракати вақтинча чекланди.
Вилоят ҳокимлигига кўра, 21 июн куни соат 20:30-20:45 атрофида тоғли ҳудудларда кузатилган кучли ёғингарчиликлар натижасида Обизаранг дарёсида сув сатҳи кескин кўтарилиб, сел оқими юзага келган.

Сел оқими Сариосиё тумани Анорзор маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Обизаранг дарёси устидан ўтган кўприкка зарар етказган. Иншоот М-41 халқаро автомобил йўлининг 1449-километрида жойлашган.
Дастлабки ўрганишлар давомида кўприк конструкцияларида шикастланишлар аниқланган. Шу муносабат билан фуқаролар ва транспорт воситалари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўприк орқали ҳаракат вақтинча тўхтатилган.
Маълум қилинишича, мазкур кўприк 1977 йилда қурилган бўлиб, узунлиги 54,7 метрни ташкил этади. У Ўзбекистонни Тожикистон билан боғловчи муҳим транспорт йўналишларидан бири ҳисобланади. Кўприк орқали бир соатда ўртача 600-800 та транспорт воситаси ҳаракатланади.
Мутахассисларнинг дастлабки баҳолашларига кўра, иншоотга етган зарар дарёда сув сатҳи ва оқим тезлигининг кескин ортиши, натижада кўприк таянчларига юқори босим тушиши билан боғлиқ.

Ҳозирда транспорт ҳаракати Узун тумани ҳудудидаги Дўстлик, Янги йўл ва Қарашиқ маҳаллалари орқали ўтувчи айланма йўналиш бўйича ташкил этилган.
Воқеа жойида вилоят ва туман раҳбарияти, Автомобил йўллари қўмитаси масъуллари ҳамда соҳавий мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ фаолият олиб бормоқда. Айни пайтда кўприкнинг техник ҳолати ўрганилиб, етказилган зарар кўлами баҳоланмоқда ва қатновни тиклаш бўйича муҳандислик ечимлари ишлаб чиқилмоқда.