Жамият | 18:31 / 16.05.2018
36182
6 дақиқада ўқилади

Олаверинг, давлатники камайиб қолмайди!

Иллюстратив фото

Бу мақолани ёзиш хаёлимга бугун ёки кеча келгани йўқ. Аммо эрта тонгда ижтимоий тармоқда муҳрланган пост, миямда анчадан буён ғужғон ўйнаётган фикрларни қоғозга туширишга мажбур қилди.

Бошқа миллатларни билмадим-у, аммо эгаллаган мансабидан фойдаланиш ҳисси ўзбекнинг қон-қонига сингиб кетганлиги аниқ. Қоровул бўлади, фаррошми ёки директор хуллас ҳаммаси қулай шароитдан фойдаланиб қолишга, керак нокерак бўлса-да,  ниманидир ундиришга интилади. Оқибатда бир-икки инсоннинг ҳакалак отган нафси сабаб, бошқа муаммолар юзага келади, одамлар улардан эмас, балки юртдаги шароитдан нолишади, хуржунини елкасига осиб сусамбил умидида хорижга отланишади. Ҳа, ишонаверинг, катта муаммоларнинг илдизи ҳар доим кичикларига бориб тақалади.

Яқин танишларимдан бирининг турмуш ўртоғи 4 йил аввал Сирдарёда қурилган катта қурилиш объектида ҳайдовчи бўлиб ишлади. Маошидан нолимасди, ҳафтада бир марта оиласидан хабар олиб, яна Сирдарё сари отланарди. Бир кун аёли гап орасида “Сизга брезент қўлқоплар керакмасми?” деб сўраб қолди. "Ҳа" деганимдан кейин уйидан 10кг.лик катта халтада тўла брезент қўлқопларини олиб чиқди.

- Ўҳҳў, шунча қўлқопни қаердан олдингиз? Жуда кўп-ку, - дедим қўлимга тутган халтани аранг кўтариб.

- Хўжайиним қурилишда ишлаяпти, ҳар келганда машинанинг орқасини тўлдириб келади. Кеча 2 қоп қўлқоп, цемент, яна алланималар олиб келди. Нима қиламан шунча қўлқопни десам қўни-қўшниларга тарқат, деди. Ҳовли-кўчани супурганда ишлатарсиз, қўлингизни қадоқ қилмайди, - деди.

Ноилож раҳмат деганча брезент қўлқопларни олдим, мана орадан 4 йил ўтган бўлса ҳам халтанинг таги кўринмаяпти.

Бу бир ҳайдовчининг орттирганлари ҳақида қисқача маълумот эди. Қолганлар ҳам ундан камини ўмармагандир, катталар-ку, “ўлжа”ни майда-чуйда қилиб олишмайди, улар катта-катта еб ўрганишгани аниқ. Ана энди сифатсиз топширилаётган уйлар, бир қиш, ёз кўрмай оҳори тўкилаётган бинолар қаердан пайдо бўлаётгани ҳақида мулоҳаза юритиб кўраверинг.

Яқинда суҳбат орасида ҳамкасбларимдан бири 80га яқинлашиб қолган қайнонасининг набирасига қилган маслаҳати ҳақида кулиб гапириб қолди:

- Жиянларимиздан бири ёнғоқ, бодом ва кунгабоқар пистасини қадоқлайдиган кичик цехларнинг бирига ишга кирганди. Қайнонам дастурхон атрофида хўп қизиқ гапни айтиб, набирасига насиҳат қилди. “Ҳозир писта-бодом жуда қиммат, ишдан қайтаётганда, чўнтагингга бир сиқимдан бўлса ҳам солиб олгин, меҳмон кутганда бозордан сотиб олмайсан. Бойларники камайиб қолмайди”, - деди.

Ана, ёшни ёш десангиз фоний ва боқий дунё оралиғида турган, ҳақни таниб улгурган инсондан чиқаётган маслаҳат.

Энди аёллар туғуруқхонасидаги вазият ҳақида тўхталиб ўтсам. Қўшниларимдан бири туғуруқхонада фаррош, қизи эса ҳамшира бўлиб ишлайди. Уйларидан қоғоз сочиқ, суюқ совун ва хўжалик совуни аримайди. Байрамларда ҳам қўни-қўшниларга улашадиган совғалари шу.

- Туғуруқхонага келган ҳар бир ҳомиладор аёл ўзи билан бирга қоғоз сочиқ, суюқ совун олиб келиб, бизга топширишади. Уларни ошхона ва ҳожатхонага қўямиз, ортганини эса уйга олиб келамиз. Ҳарна рўзғорга ярайди-да, - деганди кулиб.

Кўз тегмасин, яқин 3-4 ойдан буён қўни-қўшниларга этил спирти, 5 мг шприц ва пахта ҳам текин бўлди. Устидаги туғуруқхона муҳри туширилган ва “бепул” деб ёзилганини инобатга олмаса, дорихонаникидан фарқ қилмайди!

Ана энди вазиятни холис баҳолашга, ўзингиз ва яқинларингизнинг ҳам ундириш ҳолатларини таҳлил қилишга уриниб кўринг. Ҳамма ёқда кузатув камералари, поликлиникада ишлатган арзимас пахта ёки спирт учун ҳам имзо қўйдириб олди  деб нолишдан аввал юқоридаги мисоллар ҳақида ўйлаб кўринг.

Мақола аввалида ижтимоий тармоқлардаги пост ҳақида сўз очгандим. Камила Усмонова исмли фойдаланувчи пойтахтнинг Чилонзор тумани, 19-даҳасидаги савдо дўконларидан биридан 1200 сўмдан болалар таглигини харид қилгани ҳақида ёзади.

– Ажабланарлиси, тагликлар устига “Детдом” деган муҳр босилган экан. Демак, бу тагликлар меҳрибонлик уйининг болалари учун ажратилган, аммо ўша ернинг айрим “каламушлари” уни сотиб, пулламоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Рости, бу хабарни ўқиб, кўнглим алланечук бўлиб кетди. Наҳотки, одамларнинг нафси шунчалик ҳакалак отиб кетдики, бир норасида, туғилибоқ ҳаётнинг синовларга кўмилган гўдакка аталган нарсани ҳам пуллашдан қўрқмаяпти?

“Ҳалолликда гап кўп”, деган нақлни кўп эшитамиз, гапирамиз-у, амал қилмаймиз. Машҳур фильмда айтилганидек, “Олаверинг, давлатники камайиб қолмайди”, қабилида иш тутамиз. Назаримда, бунинг жавоби фақат охиратда эмас, фоний дунёнинг ўзида ҳам ҳисоб қилинади. Боғчага борадиган фарзандимизнинг овқатидан, мактабда ўқийдиган қизимизнинг китобидан ёки бемор онамизга берилган дори-дармондан ҳақ тўлайсиз. Хуллас, ҳеч бир иш изсиз йўқолмайди.

Наргиза МУРОДОВА,

журналист

Мавзуга оид