Бундан бир неча кун олдин Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани  Новза кўчасидан ўтган анҳор бўйида жадаллик билан ободонлаштириш ишлари бошланди. Икки кун ичида ҳудуддаги пиёдалар йўлаги бетон қилинди, ўриндиқ ва чиқиндилар қутилари ўрнатилди.

Бироқ аҳоли буларнинг ҳаммаси вақтинча бўлганини 29 июн тонгида билиб қолишди: негадир ўриндиқлар ва чиқинди қутилари тракторга ортилиб, битта ҳам қолдирмай олиб кетилди. Чиқинди қутиларига тўпланган чиқиндилар эса барчанинг кўз ўнгида анҳорга ағдарилди.

 Kun.uz мухбири ишчилар билан суҳбатлашди. Уларнинг маълум қилишича, топшириқни Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси раҳбарияти берган. Жиҳозлар вақтинча олиб келинган, улар аслида Ғофур Ғулом боғининг мулки бўлган.

Ўриндиқлар ва чиқинди қутилари бошқа боғнинг мулки бўлган ҳолда нега қисқа муддатда бу ҳудудга келтириб ўрнатилгани ҳамда бир неча кун ўтгач қайтариб олиб кетилгани маълум эмас. Kun.uz ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланишга ҳаракат қилди, аммо бунинг имкони бўлмади.