Жамият | 21:16 / 17.05.2018
17048
3 дақиқада ўқилади

Аччиқ қалампирнинг «ширин» даромадлари

«BIG Agro» МЧЖ ҳамда «Агробанк» ҳамкорликда молиялаштирилган, Қашқадарё вилояти Миришкор туманининг 2000 гектар майдонга эга далаларида уруғи Ҳиндистондан келтирилган аччиқ қалампирни етиштиришдек улкан лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz иш кетаётган жойдан репортаж ҳам уюштирган эди.

Бугунги кунда кайен навли гармдори кўчатларини экиш ишлари ниҳояланай деб қолди. 2000 гектар майдондан кўзда тутилган ҳосил 10.000 тонна қуритилган аччиқ қалампирни ташкил этади.

Қалампир кўчатлари шу тумандаги ва қўшни туманлардаги бошқа фермерларга ҳам сотилмоқда. Улар экиб, ўсимликни ундириб, ҳосилни йиғиб беришади, етиштирилган ҳосилни ҳам «BIG Agro» МЧЖ харид қилади.

Фермер хўжаликларига қалампир кўчати берилгач, «BIG Agro» МЧЖ томонидан экиш, парваришлаш бўйича мутахассис жалб қилинади. Керакли минерал ўғитлар ва бошқа дори воситалари билан таъминланишади. Бундан ташқари, Ҳиндистондан келган мутахассис икки ҳафтада бир марта кўчатларнинг аҳволидан хабар олиб, ўзининг керакли маслаҳатларини бериб туради, — дейди «BIG Agro» МЧЖ иш юритувчиси Бобур Абдумавлонов.

Тайёр маҳсулот қадоқланиб, Малайзия, Индонезия, Шри Ланка, Ҳиндистон ва Европа мамлакатларига экспорт қилинади.

Етиштирилган аччиқ қалампирлар бутун, бўлакланган ва кукун ҳолатида сотилиши режалаштирилган.

Лойиҳани амалга ошириш натижасида валюта тушуми ўртача ҳисобда йилига 25 миллион АҚШ доллари ташкил этади.

Маҳаллий аҳоли, асосан ёшлар ўсимликнинг вегетация даврида доимий асосдаги иш билан таъминланади. Улар қалампирни экиш, парвариш қилиш, пишган ҳосилларни йиғиштириб олиш, офтобда қуритиш каби ишларга жалб қилинган. Қалампир қизариб пишгандан сўнг узиб олинади. Қарийб уч ой давомида ҳосил пайдар-пай йиғиб борилади.

Қайд этиб ўтиш жоизки, жаҳон бозорларида талаб жуда юқори бўлган ушбу ўсимликни маҳаллий шароитда етиштириш Ўзбекистонда илк бора амалга оширилмоқда.

Ўз мухбиримиз.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид