Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Беларусдаги ўзбекистонликлардан Москвадаги элчихона консуллик рўйхатидан чиқиб кетиши сўралмоқда
Беларусь ҳудудида яшовчи ўзбекистонликлар қисқа муддат ичида Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида доимий ва вақтинчалик консуллик рўйхатидан чиқиши сўралмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Беларусь Республикасида Ўзбекистон элчихонаси очилиши ва ўз фаолиятини бошлаши муносабати билан, Беларусь ҳудудида яшовчи Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонасида доимий ва вақтинчалик консуллик рўйхатидан ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қисқа муддатларда Москвадаги элчихонадан рўйхатдан чиқиб, Минск шаҳридаги элчихонага рўйхатда туришлари лозим.
Бундан аввалроқ, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб Леонид Маринични тайинлаш чоғида Ўзбекистон ҳақида илиқ фикрларни билдирганди.
«Биз Ўзбекистонга нисбатан, ҳақиқатан ҳам, тўғри ва самимий бўлишимиз керак, чунки у ерда Беларусни жуда ҳурмат қилишади. Доим ҳамкорликка тайёрмиз. Ўзбекистон биз учун устувор давлатдир», дея алоҳида таъкидлаган Беларусь Республикаси президенти Александр Лукашенко.
Жорий йилнинг 31 март куни эса Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Беларусь Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Леонид Маринични қабул қилганди. Учрашувда Ўзбекистон элчихонасининг Минск шаҳрида фаолият бошлашининг амалий жиҳатлари муҳокама қилиниб, Ўзбекистон-Беларус учрашувлари билан боғлиқ мавзулар кўриб чиқилган.