Иқтисодиёт | 18:59 / 21.05.2018
6972
3 дақиқада ўқилади

Грузия ва Ўзбекистон: товар ўтказиш бўйича муҳим келишув амалга ошмоқда

Грузия ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги экспортга юборилган ўзбек товарларини Грузия ҳудудидан 50 фоизли имтиёз билан ўтказиш бўйича келишувни имзолади. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 14 май куни Тбилиси шаҳрида Ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ва Грузия Бош вазири биринчи ўринбосари Дмитрий Кумсишвили иштирокида ўтказилган ўзбек-грузин Ҳукуматлараро комиссия учрашувида шундай келишувга эришилган.

Фото: Грузия Иқтисодиёт вазирлиги

Шунингдек, учрашувда Грузия ҳам ички маҳсулотларни Хитойга экспорт қилиши чоғида «Андижон» кўп модулли транспорт-логистика марказидан фойдаланиш шартлари  муҳокама этилган.

Маълумот учун, 2017 йил 30 октябрь куни расман ишга тушган Боку-Тбилиси-Карс темир йўл тизмаси Ўзбекистон маҳсулотини Европага олиб чиқиш имкониятини янада кенгайтирганди. Айни пайтда БТК йўналиши 2023 йилга қадар 17 миллион тонна юк ташиш қувватига эга бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Фото: Грузия Иқтисодиёт вазирлиги

Бундан ташқари, 2015 йилдан буён мамлакатни муваффақиятли бошқариб келаётган Бош вазир Георгий Квирикашвили 2016 йили  Anaklia Development Consortium билан шартнома имзолаб, муҳим стратегик аҳамиятга эга мамлакатдаги энг чуқур Анаклия порт қурилиши ҳақида маълумот берганди.

2017 йил охирида қурилиш ишлари бошлангач, Хитойнинг ZPMC гигант-машинасозлик компанияси мазкур лойиҳада иштирок этиш учун энг камида 50 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритди. Хитой ҳукуматининг «Бир макон, бир йўл» ташаббусини амалга оширишда ушбу портнинг аҳамияти ҳам жуда катта бўлиши эътироф этилади.

Фото: Грузия Иқтисодиёт вазирлиги

«Портнинг стратегик жойлашуви, ўтказиш имконияти, кенгайиш ва ривожланиш истиқболлари Грузия «Янги Буюк ипак йўли»да ўзининг тарихий вазифасини ўташи учун асос яратади», — дея таъкидлаганди мамлакат бош вазири Георгий Квирикашвили.

Ушбу порт ҳам Ўзбекистоннинг Қора денгизга чиқиш имкониятини ошириб, харажатларни камайтириши мумкин.

Мавзуга оид