Йўловчинома ёхуд нега “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ фаолиятидан норози бўлишмоқда?
KUN.UZ таҳририятига навбатдаги мурожаат келиб тушди. У Тошкент шаҳрида қатновчи йўналишли автобуслар ҳақида бўлиб, батафсил ёзилган. Мурожаат эгаси муаммони ўртага ташлаш билан бирга, унга ечим излашга ҳам ҳаракат қилган, ўз таклифларини ўртага ташлаган.
“Ассалому алайкум ҳурматли Kun.uz жамоаси!
Муаммони ҳал қилиши керак бўлган бевосита мутасаддилар пинагини бузмаганидан кейин, кўплаб муаммоларни ҳал қилишда етакчи бўлаётганингизни кўриб-билиб туриб, Сизларга мурожаат қилишга қарор қилдим (йўловчилар номидан).
Сўнгги йилларда Республикамизда барча соҳаларда жуда катта ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Буни транспорт хизмати соҳасида ҳам амалга оширилаётганлигини кўриб турибмиз. Пойтахтимиз йўлларида замонавий ва қулай транспорт воситалари ҳаракатланмоқда, йўловчилар учун шинам бекатлар қурилди, фойдаланувчиларнинг ўзларига керакли автобус йўналишлари ҳаракатини онлайн кузатиб бориш тизими йўлга қўйилди.
Шу билан бирга ечимини кутаётган муаммолар ҳам талайгина. Улар ҳам аста-секин бартараф этилишига ишонамиз. Аммо "аста-секин" бартараф этмасдан баъзи муаммоларни ҳозирги вақтнинг ўзида ҳал этиш мумкин. Ушбу муаммо ҳар куни эрталаб кўпчилик йўловчилар билан юз беради.
Масалан, ўзим билан боғлиқ муаммо:
Эрталаб соат саккизларда ишга бориш учун Қўйлиқ-Чорсу йўналишидаги 68-автобусга чиқиш мақсадида “Рисовий” бозор бекатида бўламан. Аммо олдинига автобусга 1 кун чиқсам 1 кун чиқолмасдим, ҳозирда эса 1 кун чиқсам, 3 кун чиқолмайман (биргина мен эмас). Сабаби оёқ қўйишга жой йўқ (оёқ қўйсангиз бас, эшикнинг ўзи танангизни ичкарига киритиб қўяди). Кейин таксида кетишга мажбур бўламан, чунки бошқа автобуслар ҳам деярли шундай, 190-йўналишли маршруткага чиқиб олишнинг мутлақо иложи йўқ, доим тўлиб келади.
1-савол (хаёлан): Нима учун бунчалик тиқилинч?
Жавоб: Саволингизга жавобни ўзингиз бериб турибсиз, эрталаб соат саккизларда чиқаман деб, биласиз эрталаб ҳамма ишга, ўқишга боради.
2-савол: Унда нима учун тезроқ юрмайсизлар, ҳар ўн–ўн беш дақиқада (ҳозирда эрталаб 20-30 дақиқа)?
Жавоб: Бизларда белгиланган график бор!
Шу билан шофёр билан савол-жавоб тугади (Ичингизда савол-жавоб давом этади, агар график бўлса, 57 дақиқа деб белгиланган масофани нега 97 дақиқада босиб ўтасизлар? Айтяпман-ку, одам тиқилинч, бекатларда кўпроқ тўхташга мажбур бўляпмиз, светофорлар бор, машина кўп – йўллар тирбанд).
Шофёрларда ҳақиқатан айб камроқ, чунки график асосида юриш керак (ҳар 10-15 дақиқада юришса ҳам бўлади, аммо шунча тиқилинч, кўп одамга ичи ачиса-да, бундан уларга ҳам наф бор, шекилли).
Ўша автобус бўйсунадиган автокорхонага мурожаат қилинса ҳам, юқоридаги савол-жавоблар деярли қайтарилади.
Савол-жавобни “Тошаҳартрансхизмат” билан давом эттириш мақсадга мувофиқ, чунки бу муаммони бир зумда ҳал қила олишади!
3-савол: Белгиланган график бор экан, 68-автобус оралиқ вақтини эрталабки тиғиз вақтда 10-12 дақиқа этиб белгилашнинг иложи борми!
Жавоб: Автобусларимиз улгуришмаяпти, яқинда янги автобуслар келтириляпти, бу муаммолар тез кунларда ҳал бўлади.
4-савол: Автобусларимиз улгуришмаяпти? Ахир, шу йўналишдаги 7та автобусдан 4 таси ҳаракатланяпти, қолган 3та автобус манфаат илинжида, кечирасиз график асосида Қўйлиқ бекатида турганини TushBus, MyBus дастурлари орқали ҳам кўриш мумкин-ку (ҳозирда TushBus, MyBus дастурлари ҳам тайинли ишламаяпти)! Ўша қаққайиб турган 3та автобусдан 2таси ҳам ҳаракатга тушса бўлди, олам гулистон! 1та автобус умуман юрмай қўя қолсин (дам олиб турсин дейлик). Чунки 6та автобус ҳам тиқилинчларни йўқ қила олади.
Ие, узр! 3-саволнинг жавобини ёзворибман, ахир сизлар бундай жавоб бермассизлар, 4-саволни беришга ҳожат йўқдир!
Яқинда телевидение орқали масъуллар иштирокида онлайн мулоқот бўлиб ўтди. Кўплаб масалалар кўтарилди, мен бермоқчи бўлаётган саволларни бошқалар беришди, барча муаммолар ижобий ҳал этилишини билдиришди. Кўнгиллар тоғдек кўтарилди! Аммо... аммо муаммолар деярли ҳал этилмади ёки менга сезилмади.
Тўғрисини айтаман, “Тошшаҳартрансхизмат”нинг ушбу муаммони ҳал қилиб беришига умидим жуда кам (сабаби 1062 – ишонч телефонига 2 марта қилган мурожаатим ҳавога учиб кетди!).
Юқоридаги ҳамма гапларни битта қилиб айтсам ҳам бўларди, лекин автобусдаги ҳаддан ортиқ (ўта) тиқилинчда тана билан биргаликда юрак ҳам сиқилиб, ичидан турли гаплар чиқиб келар экан-да.
“Kun.uz” жамоасига:
Илтимос, автобуслар, жумладан, 68-автобус оралиқ вақтини фақатгина эрталабки тиғиз пайтда Қўйлиқ автобус бекатида кутиб турадиган 3та 68-йўналишдаги автобусларни ҳам жалб этиш ҳисобига 10-12 дақиқадан қилиб қайтадан белгилаб берилишига, шунингдек, ҳаракат вақтини ҳеч бўлмаганда 21:30га қадар (бошланғич нуқтадан) узайтиришга ёрдам берсангизлар!”.
Биз масалага ойдинлик киритиш мақсадида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ билан боғландик. Саволларимизга жамиятнинг тасарруф бўлими бошлиғи Нажмиддин Давлатов жавоб берди.
- Ҳақиқатдан ҳам мазкур муаммолар учраб турибди. Бунга сабаб бугун пойтахтимизда олиб борилаётган кенг бунёдкорлик ишлари. Шу сабаб йўллар ёпиб қўйилган вақтда автобуслар ва енгил машиналар бошқа айланма йўллар орқали ҳаракат қилишади. Тирбандлик ва белгиланган йўлнинг узайиб кетиши эвазига автобуслар йўналиш вақтига ўз таъсирини кўрсатади.
Аммо ўз ишига совуққонлик билан қараган, график асосида ҳаракатланмаган ҳайдовчилар диспетчерлар томонидан белгилаб қўйилади ва уларга тегишли интизомий жазолар қўлланилади. Бундан ташқари, яқинда автокорхоналар тасарруфига 80та Isuzu автобуслари олиб келиб берилади. Мана шундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш ва эркин ҳаракатни таъминлаш мақсадида автобуслар учун пойтахтнинг барча ички йўлларида алоҳида йўлаклар ташкил этиш таклифи билан чиқмоқчимиз.
Тўғри, бугун Тошкент шаҳрида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Аммо бу билан фуқаро манфаати чекланмаслиги керак. Ҳар бир шахс доимгидек ишга, ўқишга ўз вақтида бориши лозим. Чунки улар бунга масъулдирларки, мана шу ташвиш уларни ўйлантирмоқда. Ўйлаймизки, ушбу масъулият юки мутасадди ташкилотлар ишида ҳам ўз аксини кўрсатса.
Мавзуга оид
10:03 / 02.09.2024
“Халқ назорати” портали орқали қилинган мурожаатлар сони 45 мингдан ошди
17:55 / 28.08.2024
Кўп квартирали уйларнинг бошқарувчилари судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинади
23:59 / 16.08.2024
Тошкентда автобуслар тезлиги 50 км/соатгача чекланади
07:56 / 19.07.2024