Жамият | 21:37 / 23.05.2018
16629
3 дақиқада ўқилади

Давлатга етказилган зарарни қоплаган шахс суд залида қамоқдан озод қилинди

Жорий йилнинг 22 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди тумандаги Ички ишлар бўлими биносида очиқ сайёр суд мажлисида судья Ф.Тураходжаев раислигида судланувчи Д.Каримовга нисбатан жиноят ишини кўрди.

Судланувчига нисбатан жиноят кодексининг айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш,  пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш ва ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш каби моддалари билан жиноят иши очилган.

Суд судланувчи, фуқаровий даъвогар вакили ва гувоҳларнинг кўрсатувларини ҳамда томонларнинг фикрини тинглаб, иш материалларини атрофлича тафтиш қилиб, йиғилган далилларга тегишлича юридик баҳо берди.

Судланувчи тегишли моддалар билан айбли, деб топилди. Д.Каримовга ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил 4 (тўрт) ой 3 (уч) кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Унинг эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, суд залида қамоқдан озод этилди. Ҳукм қонуний кучга киргунга қадар унга муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тошкент шаҳар прокуратураси айбдорнинг депозит ҳисоб-рақамида сақланаётган 30.000.000 сўм пул маблағлари солиқ бўйича eтказилган зарарни қоплаш учун Мирзо Улуғбек туман давлат солиқ инспекцияси ҳисоб-рақамига ўтказилди.

Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчи ва жабрланувчилар ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб, ўн кун ичида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига, ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг эса жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг кассация инстанцияси судлов ҳайъатига шикоят бериш ёки протест билдиришга ҳақли эканлиги тушунтирилди.

Мавзуга оид