Ўзбекистон | 10:49 / 23.05.2018
7437
4 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси дори воситаси бўйича бренд можаросига ойдинлик киритди

Фото: УзТАГ

Республикада дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг ишлаб чиқарилишига катта эътибор берилмоқда. Кунора янги фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи фармкомпаниялар пайдо бўлмоқда. Шунингдек, дори воситаларини ҳам кўпайтириш, импортни ўрнини босувчи дори воситалари ҳам жуда кўп ишлаб чиқарилмоқда.

Аммо, бошқа бир таниқли бренд остида ўз дори воситаларини ҳам тақдим этаётганлар ҳам учраб турибди, деб хабар берди Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси.

Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига “Quramax Medikal” МЧЖ томонидан унга тегишли “CINAPAR/ЦЕНИПАР/TSINEPAR” товар белгисидан “Merrymed Farm” ҚК МЧЖ томонидан ноқонуний фойдаланиб “MR SENIPAR” номи билан дори воситаси ишлаб чиқараётганлигидан норози бўлиб, ариза билан мурожаат қилган.

Давлат рақобат қўмитаси мазкур масала юзасидан ўтказган ўрганишлари натижасида қўйидагилар аниқланган.

Интеллектуал мулк агентлигининг хулосасига кўра, “CINAPAR/ЦЕНИПАР/TSINEPAR” товар белгиси учун Агентлик томонидан 2012 йил 24 октябрда №MGU 26406-сонли гувоҳнома берилиб, “Quramax Medikal” МЧЖнинг интеллектуал мулки сифатида рўйхатга олинган.

Шу билан бирга, Агентлик тақдим этган маълумотда “Quramax Medikal” МЧЖга берилган товар белгиси “Merrymed Farm” ҚК МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган “MR SENIPAR” ва “MR СЭНИПАР” дори воситасига айнан ўхшаш ёки адаштириб юбориш даражасида ўхшаш эканлиги ва бу қонун ҳужжатларига зидлиги қайд этилган.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг13-моддасида инсофсиз рақобат, яъни бу товарнинг хусусияти, ишлаб чиқарилиш усули ва жойи, истеъмол хоссалари, нархи, сифати, ишлаб чиқарувчининг (бажарувчининг) кафолат мажбуриятлари хусусида истеъмолчиларни чалғитиш, хўжалик юритувчи субъект (рақобатчи) томонидан фуқаролик муомаласига киритиладиган товарни унинг ташқи безатилиши ва шаклини, номини, тамғаланишини, этикеткасини, ўровини, ранглар уйғунлигини, товар белгисини такрорлаш, реклама материалларидан ёки хўжалик юритувчи субъектнинг (рақобатчининг) товарини индивидуаллаштирувчи бошқа элементлардан нусха кўчириш орқали қалбакилаштириш тақиқланиши кўрсатиб ўтилган. 

Юридик шахсни индивидуаллаштириш воситаларига, товарни индивидуаллаштириш воситаларига бўлган мутлақ ҳуқуқни олиш, шунингдек хўжалик юритувчи субъект (рақобатчи) томонидан аввал фуқаролик муомаласига киритилган товарга нисбатан белги билан айнан ўхшаш ёки адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган товар белгисини рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ инсофсиз рақобатга йўл қўйилмайди.

Ушбу ҳолатлар бўйича Давлат рақобат қўмитаси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг 13-моддаси 3-қисми бузилиш аломатлари юзасида иш қўзғатилиб, Махсус комиссия томонидан кўриб чиқилган ва қарор қабул қилинган.

Мазкур Қарорга асосан “Merrymed Farm” ҚК МЧЖ томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг 13-моддаси 3-қисмига риоя этилмаган деб топилиб, қонун бузилишини бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатма берилган.

Қўмитанинг кўрсатмасини ижросини таъминлаш мақсадида “Merrymed Farm” ҚК МЧЖ томонидан “MR SENIPAR” ва “MR СЭНИПАР” дори воситалари (таблетка ва суспензия) ишлаб чиқарилиши тўхтатилган.

Мавзуга оид