“Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, давлат харидларини амалга оширишда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида 2025 йил 1 январдан бошлаб:
- бюджет буюртмачилари томонидан, шу жумладан, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан тузиладиган шартномалар бўйича тўловлар тегишли тартибда Ғазначилик хизмати бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилгандан (ҳисобга олингандан) сўнг амалга оширилади;
- давлат буюртмачилари бўлган давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари зиммасига давлат харидларини амалга оширишда соҳага оид қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этилиши, шунингдек, давлат харидларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юкланади;
- белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари (ишчи лойиҳа, иш ҳужжатлари, лойиҳа-смета ҳужжатлари) мавжуд бўлмаганда ёки лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш қурилиш-монтаж ишлари билан параллел равишда олиб борилганда, консолидациялашган бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбалар, шунингдек, давлат банклари ва давлат иштирокидаги корхоналар ҳисобидан харажатларни амалга ошириш ва ишларни бажариш тақиқланади.
Миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг Субсидиялар ва компенсация чоралари тўғрисидаги битимига (АSCМ) мувофиқлаштириш мақсадида 2024 йил 1 октябрга қадар:
- Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этилаётган субсидия ва преференцияларни, шу жумладан, товарларни (хизматларни) экспортга реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, транспорт харажатларини қисман қоплаб беришга оид имтиёзларни 2025 йил 1 январдан бекор қилишни, шунингдек, ЖСТ қоидалари билан тақиқланмаган қўллаб-қувватлаш чораларини;
- Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси билан биргаликда самараси паст бўлган солиқ ва божхона имтиёзларини 2025 йил 1 январдан бекор қилишни назарда тутувчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланди.














