Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар Женевада қизиқиш уйғотди
Аввал хабар берганимиздек, шу йилнинг 21 майидан ўз ишини бошлаган Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 71-сессияси қизғин паллага кирди. Женевада ўтаётган ушбу тадбирда ЖССТга аъзо 194 та давлатлар қаторида соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда, деб хабар берди Kun.uz’га Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.
Ҳар йили Женевада ўтказилувчи Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг сессиясида ЖССТга аъзо давлатлар вакиллари иштирок этиб, соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича кузатилаётган глобал муаммолар ва уларнинг ечимлари борасида муҳокамалар ўтказади. Бу йилги сессияда атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларининг саломатликка салбий таъсири ва унга қарши курашиш бўйича йўл харитаси, дори-дармон ва вакцина таъминоти, ноинфекцион касалликлар профилактикаси, аёллар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш каби масалалар бўйича маърузалар қилинмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси 71-сессиясида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов маъруза қилди. У ўз чиқишида президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, тизимни ривожлантириш дастури ва унда белгиланган асосий вазифаларга тўхталиб ўтди.
— Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида аҳолининг барча қатламига, айниқса, узоқ қишлоқ аҳолисига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар бугун давлат сиёсатининг бош мақсадига айланган, — деди соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов. — Шу мақсадда 100дан ортиқ ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар қабул қилинди. Уларда соҳанинг барча йўналишларини комплекс ривожлантириш бўйича тизимли чора-тадбирлар қамраб олинган. Ҳозирда Ўзбекистон белгиланган вазифалар ижроси доирасида қатор ижобий натижаларга эришди. Бунга мисол қилиб, 1283 та тез тиббий ёрдам автотранспорт воситалари харид қилингани, натижада, чақириқ тушгач, тез ёрдам хизматининг етиб бориш вақти 20-30 дақиқадан 10-15 дақиқагача, хизмат радиуси эса 5-12 километргача қисқарганини айтиш мумкин. Қолаверса, 2017 йилда Ўзбекистонга 311 нафар хорижлик мутахассислар таклиф қилинди. Улар билан ҳамкорликда 800 дан ортиқ мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. 290 нафардан ортиқ мамлакатимиз мутахассислари эса дунёнинг етакчи клиникаларида малака ошириб келди. Ўзбекистон тиббиётидаги энг катта янгиликлардан бири сифатида трансплантация амалиётининг йўлга қўйилганини айтмоқчиман. Хорижлик мутахассислар билан ҳамкорликда буйрак, жигар ва ўзак ҳужайра трансплантацияси бажарилмоқда.
Шундан сўнг А.Шодмонов мамлакатда хусусий секторни ривожлантириш, иммунопрофилактика соҳасидаги натижалар билан таништирди. Дарҳақиқат, бугун мамлакат тиббиётида хусусий сектор улуши ортиб бормоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш, уларга қўшимча шарт-шароит ва имтиёзлар бериш бўйича қабул қилинган қарорлари ҳуқуқий асос бўлмоқда.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш бўйича қароридан сўнг Ўзбекистондаги хусусий клиникалар сони сўнгги йилда 3040 тадан 4073 та ошди. Мамлакатимиз тиббиёти тарихида биринчи марта хусусий клиникаларга деярли барча йўналишларда, хусусан, абдоминал жарроҳлик, торакал жарроҳлик, нейрохирургия, онкология, травматология ва болалар жарроҳлиги бўйича лицензия беришга рухсат этилди — деди А.Шодмонов. — Миллий эмлаш календари бўйича мамлакатимизда болалар 12 та бошқариладиган инфекцияга қарши давлат ҳисобидан профилактик эмланади. Юқумли касалликларга қарши эмлаш учун сарфланадиган маблағлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланиб, эмлаш қамрови 99,5 фоизга етказилди. Натижада 2017 йил Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан Ўзбекистон қизамиқ ва қизилча касалликларидан холи ҳудуд деб эътироф этилди.
Шунингдек, вазир ўз маърузаси давомида 2019-2020 йилларда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ва унда белгиланган вазифалар билан таништирди.
— Ушбу натижалар биз кўзлаган марранинг бошланиши. Келажакда тиббий хизмат бошқарувини оптималлаштириш, инфраструктурани яхшилаш, тиббий хизмат нормативлари ва стандартларини ишлаб чиқиш, дори-дармон таъминотини яхшилаш, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантириш ва соҳага замонавий ахборот технологияларини жадал татбиқ этиш бўйича аниқ режа ва дастурлар ишлаб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 71-сессияси шу йилнинг 26 майигача давом этади.
Мавзуга оид
10:51 / 24.02.2026
АҚШ ва РФ Женевада ядровий қуроллар бўйича шартномани муҳокама қилди
09:27 / 19.02.2026
Россия ва Киев делегациялари Женевадан учиб кетишдан олдин яна бир бор учрашди
08:29 / 19.02.2026
Зеленский: Женевадаги музокаралар натижалари етарли эмас
14:37 / 17.02.2026