Иқтисодиёт | 17:05 / 28.05.2018
9319
3 дақиқада ўқилади

Марказий банк: «Май ойида маҳсулотлар арзонлашди, лекин хизматлар қимматлашди»

Фото: UZ24

Марказий банкнинг республика истеъмол бозорида нархларнинг ўзгариши бўйича мунтазам кузатувлари шуни кўрсатмоқдаки, майнинг биринчи тўрт ҳафтаси мобайнида кузатилган товарлар ва хизматлар гуруҳининг нархи жами 0,6 фоизга пасайган, шу жумладан озиқ-овқат маҳсулотлари 1,1 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари - 0,9%, хизмат кўрсатиш ҳажми эса 1%га кўтарилди. Бу ҳақда идора хабарида айтилади.

«Нархлар динамикаси, асосан, валюта курсининг мустаҳкамланиши, ташқи савдо шароитлари ва рақобат муҳитининг яхшилангани, истеъмол бозорига сабзавотларнинг янги ҳосили келиб тушгани каби омиллар таъсирида шаклланди. Барқарорликнинг энг муҳим омилларидан бири аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг инфляция тахминларини босқичма-босқич пасайтиришдан иборат бўлди», - дейилади хабарда.

Марказий банкнинг таъкидлашича, озиқ-овқат нархларининг умумий пасайишига қарамасдан, ушбу гуруҳ ичидаги нарх динамикаси кўп томонлама бўлган.

Хусусан, бозорларга помидор, бодринг ва картошка янги ҳосили катта миқдорда келиб тушгани туфайли бу товарлар нархи мос равишда 63,8%, 30,2% ва 27,6%га камайди. Бундан ташқари, сариёғ нархи 2,4%га, товуқ гўшти эса 1,3%га пасайган.

"Шу билан бирга, гуруч ўртача 16,7%га қимматлашди. Ўтказилган сўров натижаларига кўра, гуруч нархи кўтарилишининг асосий сабаблари - қурғоқчил йил, аввалги йилларга нисбатан суғориш суви танқислиги, экин майдонларининг эҳтимолий камайиши, шунингдек, етказиб берувчилар томонидан гуруч етказиб берилишининг кечиктирилиши», - дея қайд этади МБ.

Шу билан бирга, гуруч нархи даражасини барқарорлаштирувчи омили сифатида унинг импорт ҳажмларини кенгайтириш, ушбу маҳсулотга ички бозорда барқарор талабни ушлаб туриш айланиши мумкин, деб ҳисоблайди идорадагилар.

Гўшт маҳсулотлари нархининг ўртача даражада ўсиши кузатилди: хусусан, мол гўшти ва қўй гўшти мос равишда 5% ва 3,7%га қимматлашди.

«Ушбу соҳадаги мутахассислар ва фермерлар ўртасида ўтказилган сўровлар шуни кўрсатадики, бу ўсиш чакана бозорда биржа нархларининг аввалги даражада сақланиб қолишига қарамай, озуқа нархининг ошиши, шунингдек, паст даражадаги ёғингарчилик туфайли яйловларда ўсимликлар қопламаси пастлиги билан боғлиқ», - дея аниқлик киритган МБ.

Ноозиқ-овқат товарлар, хусусан, маиший техника ва шахсий гигиена воситалари нархи асосан чегара ҳудудларда ташқи савдонинг ошгани, истеъмол бозорининг ушбу сегментларида рақобат муҳити босқичма-босқич яхшиланаётгани ва миллий валюта курсининг мустаҳкамланиши шароитида шаклланди.

«Телевизорлар 8 фоизга, чангютгичлар 4,4 фоизга, музлатгичлар ва электр чойнакларга 1,8 фоизга, совун 3,5 фоизга, шампунлар 1,9 фоизга арзонлашди», - дейилади хабарда.

Жорий йилнинг апрель ойида табиий газга бўлган тарифларнинг ошиши автомобиллар ва йўловчи ташиш бўйича хизматлар нархининг ошишига олиб келди.

Идорага кўра, республика бўйлаб шаҳар автобусларида нарх ўртача 13,7 фоизга ўсди, автомобиль транспорти билан юк ташувлари - 1,6 фоизга. Шунингдек, тиббий хизматлар учун тарифларнинг 2,4 фоизга ошиши кузатилди.

Мавзуга оид