Марказий банк бошқаруви 2024 йил 12 сентябрда асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Марказий банк расмий пресс релизига кўра, умумий инфляция сўнгги 3 ойда сезиларли ўзгаришсиз сақланиб, августда йиллик 10,5 фоизга тенг бўлди. Жорий йилда мева-сабзавотлар нархи пасайиши инфляцияга қарийб 1 фоиз бандлик пасайтирувчи таъсир кўрсатди. Ўз ўрнида, йил бошидан пасаювчи тенденцияга эга бўлган базавий инфляция июн ойидан сўнг йиллик ҳисобда пасайишдан тўхтади.

“Январ-июл ойларида иқтисодиётда юқори ишлаб чиқариш фаоллиги кузатилиб, ялпи талаб ва таклиф ўртасидаги тафовут қисқариб бормоқда. Хусусан, саноат ишлаб чиқариш, қурилиш ишлари ва хизматлар соҳасида реал ўсиш суръатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан юқори шаклланди.

Иқтисодий фаолликдаги ижобий тенденциялар савдо ва пуллик хизматлар, экспорт тушумлари ва пул ўтказмалари ҳажмининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ошишида ҳам кузатилди”, - дейилади расмий хабарда.

Регулятор таҳлилларига кўра, банк тизими умумий ликвидлигининг ошиши ҳамда асосий ставканинг июл ойидаги пасайтирилиши таъсирида пул бозорида фоиз ставкаларининг маълум даражада пасайиши кузатилди. Бу, ўз навбатида, давлат қимматли қоғозлари бозорига ҳам таъсир кўрсатиб, улар бўйича даромадлилик даражасини пасайишида акс этди.

Марказий банк келгусида ҳам иқтисодиётдаги юқори инвестицион ва истеъмол фаоллиги ялпи талабни қўллаб-қувватлашда давом этади, деб ҳисобламоқда.

“Давлат бюджети харажатлари ва тўғридан-тўғри инвестицияларнинг фаоллашуви инвестицион талабни таъминласа, хориждан пул ўтказмалари ҳажмининг юқорилиги аҳолининг реал даромадларига ижобий таъсир кўрсатиб, истеъмол талаби динамикасида намоён бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, сентябр-октябр ойларида пенсиялар ва буджет ташкилотларида иш ҳақилари оширилиши ҳам келгуси чоракларда истеъмол талабини рағбатлантиришга хизмат қилади”, - дейилади регулятор пресс релизида.

Алмашув курси динамикаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарор шаклланаётгани аҳоли ва тадбиркорлар инфляцион кутилмаларига ижобий таъсир кўрсатиб, июл ойида кутилмалар 11-12 фоизгача пасайган бўлса, август ойида пенсия ва давлат секторида иш ҳақиларининг кутилаётган ошиши ва ёқилғи ресурсларининг қимматлашиши таъсирида 12-13 фоизни ташкил қилди.

Ташқи савдо балансининг яхшиланиши ва пул ўтказмалари ҳажмининг сезиларли ошиши таъсирида жорий операциялар ҳисобварағи тақчиллигининг ҳам қисқариб бориши кутилмоқда. Бу эса, алмашув курсига эҳтимолий фундаментал босимларнинг камайишига ва жорий барқарор динамиканинг давом этишига хизмат қилади.