Иқтисодиёт | 15:30 / 09.09.2024
4547
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 39 млрд долларга етди. Бу – рекорд кўрсаткич

Ўзбекистоннинг захира активлари август ойида 1,75 млрд долларга ошиб, 1 сентябр ҳолатига 39,15 млрд долларга етди. Йил бошидан буён захиралар қиймати 4,6 млрд долларга ёки 13,3 фоизга ошган.

Фото: Reuters / Alexander Manzyuk

1 сентябр ҳолатига, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 39,15 млрд долларга етди. Тегишли маълумот Марказий банк сайтига жойланган.

Олтин-валюта захираларининг жорий қиймати – маълумотлар очиқлана бошлаган 2018 йилдан кейинги даврдаги энг юқори кўрсаткич бўлиб турибди.

Август ойида халқаро активлар қиймати 1,75 млрд долларга ёки тахминан 4,7 фоизга ошган. Июлдаги ўсиш 1,06 млрд долларга тенг бўлганди.

Бу ошиш асосан олтин ҳисобига рўй берган. Август ойи давомида расмий захиралардаги олтиннинг соф физик ҳажми 12,1 троя унциядан 12 троя унцияга камайган бўлса-да, жаҳон бозорида бу қимматбаҳо металлнинг нархи сезиларли ошгани ҳисобига, захираларнинг олтин қисми қиймати бир ойда 1,24 млрд доллар ёки 4,4 фоизга кўпайиб, 30,39 млрд долларга етган.

2024 йил бошидан буён жаҳон бозорида олтин 20 фоизга қимматлашди. Ўтган ойда стандарт олтин қуймасининг нархи тарихда биринчи марта миллион доллардан ошди. Ўзбекистон июн-июл ойларида жаҳондаги энг кўп олтин сотиб олган давлатлардан бири бўлганди.

Хорижий валюталардаги захира активлар августда 7,68 млрд доллардан 8,19 млрд долларгача (+503,1 млн доллар) кўпайган. Нақд валюта ва депозитларнинг 7,7 млрд долларлик қисми хорижий банкларга (+450 млн доллар), 408 млн долларлик қисми хорижий марказий банклар, Халқаро валюта жамғармаси ва Халқаро ҳисоб-китоблар банкига (+54 млн доллар) жойлаштирилган.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари йил бошидан бери 4,59 млрд долларга ёки 13,3 фоизга ошди.

Мавзуга оид