Жамият | 23:19 / 29.05.2018
13141
3 дақиқада ўқилади

Наҳангов айбдор эмас. «Грин-кард» бўйича фирибгарликка оид жиноят иши тугатилган

2017 йилнинг 24 август санасида Kun.uz нашрида «Америка орзуси билан 550 ватандошини чув туширган «ишбилармон» МХХ томонидан қўлга олинди» мавзусида хабар берилган эди.

Хабарда Самарқанд вилояти собиқ МХХ бошқармаси ва Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамкорликда тадбир уюштириб, улар томонидан фуқаро Ойбек Наҳангов 15 миллион сўм пул олаётган вақтда қўлга олингани ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳақида баён қилинганди.

Бироқ, олинган маълумотларга кўра, Самарқанд вилоят ИИБ томонидан Ойбек Наҳанговга нисбатан тергов ҳаракатлари амалга оширилган чоғда унинг ҳаракатларида фирибгарлик жинояти таркиби аниқланмагани сабабли 2017 йил 18 октябрь куни жиноят ишини тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Бунга сабаб сифатида фуқаро О.Наҳангов якка тартибдаги тадбиркор эканлиги, расман рўйхатдан ўтганлиги ва «Грин-кард» лотереяси учун анкета тўлдириб бериш хизмати учун мижозлар билан расман шартнома имзолаганлиги ва барча ҳаракатларни шу шартнома асосида олиб боргани кўрсатилган.

Яъни О.Наҳангов мижозлари билан расман шартнома тузиб, «Грин-кард» лотереяси учун анкетани тўлдириш учун энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида тўлов тўлашини, агар тўловни амалга оширмаса, унда яна янги шартнома тузиб ЭКИҲнинг 100 баравари миқдорида тўлов тўлашини белгилаб қўйган. Жиззахлик фуқаро У.Ш. дастлабки тўловни амалга оширмагани учун у билан яна янги шартнома имзоланган ва бу сафар шартномада унга ютуқ чиққанлиги сабабли керакли кодни айтиш ва кейинги ҳужжатларни тайёрлаш учун ЭКИҲнинг 100 баравар миқдорида тўловни амалга ошириши кўрсатилган.

Тергов жараёнида фуқаро У.Ш. ҳақиқатдан шартномага имзо қўйганини, дастлабки тўловни амалга оширмаганини, О.Наҳангов ундан кодни айтиш учун дастлаб 15 млн. сўм сўраганини, кейинчалик 12 млн. сўмга келишганини билдирган.

У.Ш.нинг отаси тергов жараёнида ҳақиқатдан оиласи билан «Грин-кард» лотереяси учун расман шартнома тузган ҳолда анкета тўлдиришганини, ўзларига ютуқ чиқмасдан, ўғли У.Ш.га ютуқ чиққанини, хурсандчилигидан хизмат кўрсатувчиларга икки марта 100 АҚШ долларидан «суюнчи пули» берганини, кейинчалик О.Наҳангов кодни айтиш учун шартномада кўрсатилган 15 млн. сўм тўловни амалга оширишни сўраганини, сўнг бунча пул йўқлиги сабабли ўғли танишлари орқали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилганини маълум қилган.

Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими мазкур ҳолатларни ўрганиб чиқиб, О.Наҳанговнинг қилмишида фирибгарлик жинояти таркиби йўқлиги сабабли Жиноят-процессуал кодекси 83-модда 2-қисмига асосан жиноят ишини тугатиш ҳақида қарор чиқарган.

Мавзуга оид