Ўзбекистон | 16:26 / 29.05.2018
14982
13 дақиқада ўқилади

Олий таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази директори вазифалари белгиланди

Вазирлар маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази тўғрисидаги низомга кўра, Марказ Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.

Марказ тизимига қуйидагилар киради:

марказий аппарат;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий бошқармалар деб аталади);

Касб-ҳунар таълими тизимини инновацион ривожлантириш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти;

Метрологик назорат хизмати;

идоравий касб-ҳунар коллежлари;

нодавлат касб-ҳунар коллежлари.

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

1) тасарруфида касб-ҳунар коллежлари бўлган вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналар билан биргаликда касб-ҳунар таълими соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш бўйича ўрта ва узоқ муддатли дастурларни ҳаётга татбиқ этиш ва касб-ҳунар коллежларида ўқув-тарбия жараёнига ташкилий ва методик раҳбарлик қилишни таъминлаш;

2) иш берувчиларнинг эҳтиёжлари ва таклифларидан ҳамда илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, шунингдек, иқтисодиётнинг реал секторидаги таркибий ўзгаришларни ҳисобга олиб касб-ҳунар коллежларида ўрта бўғиннинг меҳнат бозорида талаб этилган мутахассисларини тайёрлашнинг ўқув режалари ва дастурлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

3) юқори профессионал раҳбарлар ва педагог кадрларни танлаш ҳамда улар билан касб-ҳунар коллежларини таъминлаш, уларнинг малакаси ва касбий даражасини мунтазам равишда ошириш, шунингдек, улар меҳнатини рағбатлантириш ишларини тизимли асосда таъминлаш;

4) тизимнинг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлашнинг янги шакллари ва усулларини жорий этиш;

5) республикадаги барча касб-ҳунар коллежлари ўқув-методик ишларини уларнинг идоравий мансублигидан қатъи назар, мувофиқлаштириш;

6) касб-ҳунар коллежларида таълим сифатини оширишга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, таълим жараёнини доимий равишда такомиллаштириш;

7) умумтаълим мактаблари 10-11-синф ўқувчиларининг касбий кўникмаларини шакллантириш бўйича ихтисослаштирилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида касб-ҳунар таълими жараёнини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш.

Қуйидагилар марказий аппаратнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

1) ҳудудий бошқармалар ва Марказ таркибига кирувчи бошқа ташкилотлар билан биргаликда Марказга юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлаш;

2) касб-ҳунар таълими давлат таълим стандарти, мутахассисликлар (касблар) таълим стандартлари, ўқув режа ва дастурларнинг такомиллаштирилишини ва ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш асосида таълим сифати мониторинги олиб борилишини ташкил этиш;

3) ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш ва нашр этиш фаолиятини мувофиқлаштириш;

4) ўқувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни ташкил этиш;

5) касб-ҳунар коллежларида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

6) Марказ тизимида ички аудит ва молиявий назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш;

7) ҳудудий бошқармаларда ва Марказ таркибига кирувчи бошқа ташкилотларда кадрлар билан таъминлашни мувофиқлаштириш;

8) Марказ таркибига кирувчи бошқа ташкилотларни ривожлантиришга кўмаклашиш, уларни ривожлантириш концепциялари ва истиқболларини белгилаш.

Қуйидагилар Марказ директорининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш;

2) Марказ фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси президенти, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ Марказга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

3) Ўзбекистон Республикаси президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Марказ фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича комплекс дастурлар ва тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

4) Марказ, унинг ҳудудий бошқармалари ва Марказ таркибига кирувчи бошқа ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

5) Ўзбекистон Республикаси президенти девони хизматлари ва Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, шунингдек, тегишли вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;

6) Ўзбекистон Республикаси президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқларини бажариш;

7) ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Марказнинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, Марказ фаолиятининг алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш учун ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий масъулият даражасини белгилаш;

8) Марказ фаолиятининг режалаштирилишини ташкил этиш, Марказ ва ўз ўринбосарларининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

9) Ўзбекистон Республикаси президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторинг олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, Марказ фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ўзбекистон Республикаси президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида» 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ–2881-сон қарорига ва Вазирлар Маҳкамасининг «Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ҳудудий бошқармалар, шунингдек, Марказ таркибига кирувчи бошқа ташкилотлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

10) Марказ ходимларини тизимли қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

11) Марказ тизимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Марказнинг кадрлар захирасини шакллантириш;

12) Ўзбекистон Республикаси президенти, Ўзбекистон Республикаси президенти девони ва Вазирлар Маҳкамаси номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, Марказга ишга қабул қилинаётган бошқа кадрларнинг профессионал даражасини, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятлари ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлигининг кафолатини таъминлаш;

13) фаолият соҳасига оид масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишини, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида», «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг регламенти (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамасининг регламенти деб аталади) ва Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 28 июлдаги ПҚ–3161-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси президенти Девонининг регламенти (кейинги ўринларда Ўзбекистон Республикаси президенти девонининг регламенти деб аталади) талабларига қатъий мувофиқ равишда ўз вақтида киритилишини ташкил этиш, уларнинг Вазирлар Маҳкамаси Аппаратида пухта ишланишида, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти ҳузурида ҳимоя қилиниши ва Ўзбекистон Республикаси президенти девонида кўриб чиқилишида иштирок этиш;

14) «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида», «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун лойиҳаларига доир фаолиятининг намунавий регламентига мувофиқ Марказнинг қонун лойиҳаларини тайёрлаш фаолиятини ташкил этиш;

15) Марказга тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўлиқ ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш, уларни ҳуқуқий, молиявий, иқтисодий экспертиза ва бошқа экспертизадан пухта ўтказиш, шунингдек, уларни Ўзбекистон Республикаси президенти девонининг регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг регламентида белгиланган муддатларда келишиш (виза қўйиш);

16) Ўзбекистон Республикаси президентининг «Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида» 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва «Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 3 августдаги ПҚ–3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ Марказ раҳбарлари ва ходимлари хизмат сафарларини ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

17) ўз ўринбосарлари ва ҳудудий бошқармалар, шунингдек, Марказ таркибига кирувчи бошқа ташкилотлар раҳбарлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, Марказ ҳайъати мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

18) Марказ ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан уларнинг эгаллаб турган лавозимда қолишининг мақсадга мувофиқлигига доир масалаларни кўриб чиқиш тўғрисида таклифлар киритиш, уларнинг шахсий масъулиятини оширишга доир тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

19) Марказ ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Марказ ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари (кейинги ўринларда Марказ ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари деб аталади) талабларига риоя этилишини таъминлаш;

20) «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Марказ тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

21) Марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари, шунингдек, Марказ таркибига кирувчи бошқа ташкилотлар ишини ташкил этишнинг замонавий шакллари жорий этилишини таъминлаш;

22) аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик қилишда, шу жумладан, «ягона дарча» принципини жорий этиш орқали давлат хизматлари сифати ва самарадорлигини ҳамда улардан эркин фойдаланишни ошириш ҳамда «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш;

23) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга доир самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан жойларга бориб қабул қилиш;

24) Ўзбекистон Республикаси президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, уларнинг фаолиятида Марказ ходимлари ва раҳбарларининг фаол иштирок этишини ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси президенти Виртуал қабулхонасига тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

25) давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

26) Марказий аппарат ва ҳудудий бошқармалар тўғрисидаги низомларни, Марказ таркибига кирувчи бошқа ташкилотларнинг уставларини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

27) Марказ фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш;

28) Марказий аппарат ходимларини, ҳудудий бошқармалар, шунингдек, Марказ таркибига кирувчи бошқа ташкилотлар раҳбарларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш;

29) Марказий аппарат, ҳудудий бошқармалар, Марказ таркибига кирувчи бошқа ташкилотлар мансабдор шахслари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш, шунингдек, уларнинг ижросини белгиланган тартибда назорат қилиш;

30) Марказий аппарат, ҳудудий бошқармалар, Марказ таркибига кирувчи бошқа ташкилотлар тузилмаси ва штат жадвалини Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган ходимларнинг сони доирасида тасдиқлаш;

31) Марказий аппарат, ҳудудий бошқармалар, Марказ таркибига кирувчи бошқа ташкилотлар тузилмасига зарур ҳолларда ўзгартиришлар киритиш.

Марказга Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Марказ директори — Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари бошчилик қилади.

Марказ директорининг икки нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.

Марказ директорининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Мавзуга оид