Ўзбекистон | 23:12 / 29.05.2018
44765
3 дақиқада ўқилади

Орол - ўтмишда қолган денгиз: муаммолар ва истиқбол

Қачонлардир Оролбўйи ёки Орол денгизи деб аталганда, ўз номига мос виқор билан меҳмонларни ўзига жалб этган сув ҳавзаси ҳақида ҳеч қандай ижобий хотираларим мавжуд эмас. Эсимни танибманки, у ҳақда фақат ваҳимали, баъзан у ёки бу сайёҳларнинг келиб қолгани ҳақидаги хабарларни ўқийман. 

Маълумотларга кўра, 1964 йили Оролнинг майдони 68,9 минг км кв. бўлган, ундаги сув ҳажми эса 1083 км кубдан ошганди. Ҳар йили Оролдан 30-35 минг тонна балиқ олинган, унда 38 турдаги балиқлар яшаган. Энг муҳими, шу рақамлар бутун Ўзбекистоннинг 80 фоиз балиқчилик саноатини ташкил этганди. 

1960 йиллар охиридан бундай табиат мўжизаси қурий бошлади, унинг ер майдони шўрлашди. Оролдаги сув ҳажми 15 баробар, денгиз сатҳи 29 метрга қисқарди. Айни пайтда Оролдаги бир литр сув таркибида 150-300 граммгача туз мавжуд. Океандаги шўр сувда (18-24 гр.) ҳам бундай эмас, аслида.

Балиқлардан бирор тур ҳам сақланиб қолмади. Оролбўйида яшаган Осиё гепарди, Каспий йўлбарси, Устюрт қулонларининг сўнгги вакиллари жон берди. Йўқолиб кетиш хавфида бўлган ўсимлик ва ҳайвонлар рўйхатини ҳали узоқ давом эттириш мумкин. 

Энди ҳар йили 100 миллион тоннагача туз-қум бўрони ҳавога кўтарилади. Оғриқли дарднинг "элчиси" деярли 400 кмгача учиб боради. Қорақалпоғистон Республикасида сурункали бронхит билан касалланган кишилар ҳар 100 минг нафардан 2010 йили 521 нафарни ташкил этган бўлса, бу сон 2016 йили 1046 тага ошди. 

Умуман саноатга етган зарар 40 миллион, ишлаб чиқариш соҳасидаги зарар эса 99 миллион доллардан ортиққа баҳоланади. 

Оролнинг қон томири - Амударё ва Сирдарё ҳавзасидан фойдаланиш муаммосига муқобил ечим бўла олади. Амударё ресурсларидан Ўзбекистон томони 4 фоиз, Сирдарёдан эса 6 фоиз фойдаланади. Ўз ўрнида Тожикистон Аму сувларининг 39 фоизи, Қирғизистон Сирдарё бойликларидан 23 фоизини тасарруф этади. 

Биз ёшлигимиздан кўриб, эшитиб, ўқиб келган "ваҳима" аслида ҳақиқатга яқин муаммо эканини гувоҳи бўлгандирмиз. Зеро, туз-қум бўрони тўзғиган осмонда одамлар ҳам, ҳайвонот ҳам узоқ яшолмасди.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид