Жаҳон | 11:17 / 29.05.2018
7814
3 дақиқада ўқилади

Россия ва Хитой бутун жаҳон ҳамжамияти манфаати йўлидаги кун тартибини таклиф қилмоқда – ШҲТ бош котиби  

Фото: Станислав Красильников/ТАСС

Халқаро майдондаги муҳим иштирокчилар бўлган Россия ва Хитой бутун жаҳон манфаати йўлида ижобий халқаро кун тартибини таклиф қилмоқда. Бу ҳақда 29 май куни Пекинда “Россия ва Хитой” халқаро анжуманининг очилишида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Рашид Алимов айтиб ўтди. Жорий йилда анжуман “Глобал ва минтақавий хавфсизлик чақириқлари: Россия ва Хитойнинг ҳамкорлиги учун имкониятлар” мавзусида бўлиб ўтади.

“Россия ва Хитойнинг глобал миқёсдаги ролини ортиқча баҳолаш мураккабдир. Бу икки катта давлат – БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари бугунги кунда халқаро майдонда муҳим иштирокчилар ҳисобланади ва бутун жаҳон ҳамжамияти манфаати йўлида ижобий кун тартибини таклиф қилмоқда, глобал жараёнлар динамикасига фаол таъсир қилмоқда”, деб айтган Алимов. 

Алимов Россия ва Хитойнинг Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон билан яқин ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари эвазига давлатларнинг имкониятлари ёки салоҳиятлари, иқтисодиётининг кўлами, аҳолиси сони ёки кучли ҳарбий салоҳияти бор-йўқлигига қарамай давлатлараро муносабатларни йўлга қўйишга имкон берувчи янги турдаги ташкилот – ШҲТ яратилганини қайд қилиб ўтди. Бошқача айтганда, ШҲТда катта ёки кичик, кучли ёки кучсиз давлат йўқ, унда Евросиё минтақасининг фаровонлиги, тинчлик ва барқарорлик учун кўп режали ҳамкорликни ривожлантирувчи тенг ҳуқуқли шериклар бор.

Алимовнинг айтишича, Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга киритилиши билан ташкилот глобал кўриниш олди. Бугунги кунда ШҲТ ҳудудида сайёрамизнинг 44 фоиз аҳолиси яшайди. Бу аҳолидан ярмидан кўпроғи иқтисодий фаол, жумладан юқори билимга эга йигит-қизлардир.

“ШҲТ йирикроқ, кучлироқ ва нуфузлироқ бўлди, у глобал кўриниш олди. Ташкилотнинг ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича салоҳияти ошди. ШҲТнинг хавфсиз ва барқарор келажак, Евросиё ҳудудида биргаликда барқарор ривожланиш учун жавобгарлиги ҳам ошди. Шу муносабат билан Хитой ва Россиянинг ШҲТ доирасида яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга улуши, замонавий таҳдид ва чақириқларга  биргаликда жавоби тобора ошиб боради”, деб таъкидлаб ўтган Алимов.

Алимовнинг айтишича, “инсоният бугунги кунда дунё тартибининг янги моделига кескин эҳтиёж сезмоқда”. Унинг таъкидлашича, “инсоният тарихининг шу бурилувчи босқичида “Шанхай руҳияти” тамойиллари борган сари жозибалироқ кўриниш олмоқда, халқаро муносабатларни ишонч, тенг ҳуқуқлик ва ўзаро ҳурмат негизида ривожлантиришга интилувчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар сони ошиб бормоқда”.

Мавзуга оид