28 май куни Podrobno.uz сайтида иқтисодиёт фанлари номзоди Фарҳод Қурбанбаевнинг «Таваккалсиз солиқ ислоҳоти ёки яна бир бор солиқ тизимини ислоҳ қилиш Концепцияси ҳақида» сарлавҳали мақоласи чоп этилди.

Авваламбор шуни таъкидлаш керакки, муаллиф ушбу мақола орқали амалдаги солиқ ислоҳотлари борасида энг долзарб мавзуларни холислик билан, тушунарли тилда, чуқур таҳлил қилиб берган. Бундай холис таҳлиллар ислоҳотлар жараёнида жуда муҳим. Шу билан бирга, мақолада келтирилган айрим таклифлар қўшимча саволлар туғилишга сабаб бўлади. Ушбу саволлар тўпламини ўқувчиларга ва муаллифга ҳавола этиб, мавзу бўйича таҳлилни давом эттиришга жазм қилдим. Зеро бу иш мазкур муаммолар ечими бўйича энг тўғри йўл қайси деган саволга аниқлик киритишга хизмат қилади, деган умиддаман.

 

1. Даромад солиғи корхонанинг айланма маблағидан/тушумидан ундирилиши керакми ёки унинг соф фойдасидан?

Муаллиф амалдаги кичик корхоналарга нисбатан белгиланган соддалаштирилган ягона солиқ тизимини танқид қилиб, даромад солиғини кичик корхоналарнинг айланма маблағларига эмас, балки уларнинг соф фойдасига қаратиш кераклигини таъкидлайди. Муаллиф бунинг сабаблари сифатида ушбу ягона солиқ тизими иқтисодиётни ривожланишига тўсиқ эканини ва у солиқ тўловчилар ўртасида солиқ юкини номутаносиб тақсимланишига сабаб бўлишини келтиради.

Муаллифнинг таҳлилларида жон бор, даромад солиғини айланма маблағга эмас, балки даромадга қаратиш бу жаҳон тан олган, ўзини исботлаган энг тўғри йўлдир.

Лекин амалиётда кўп кичик корхоналар учун солиқни пул айланмасидан тўлаш энг қулай усул сифатида қолмоқда. Бунга кичик бизнес фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлар билан суҳбатда амин бўлиш мумкин. Бу дегани ягона солиқ тизими энг тўғри йўл, унда камчиликлар йўқ дегани эмас. Ягона солиқ тизимининг ўзига яраша муаммолари мавжуд (масалан, тадбиркор банкдаги ўз маблағларини эркин тасарруф қилишда қийинчиликларга рўбарў булаётгани, тадбиркорлар учун норасмий квоталар белгилаб қўйилиши, инкассация тизими муаммолари, солиқнинг соф фойдага номутаносиблиги ва ҳоказо). Лекин ҳақиқат шуки, кичик бизнес корхоналари солиққа тортишнинг умумий усулига ўтишдан безиб қолишган. Уларнинг кўпчилиги амалдаги ягона солиқ тизимида қолишни афзал кўришади.

Бунинг сабабини қуйидагича изоҳлаш мумкин: кичик бизнес эгалари солиққа тортишнинг умумий усули деганда 90-йиллардаги муаммоли, умумий солиқ тизими кўз ўнгига келади.