Жамият | 19:19 / 01.06.2018
73916
2 дақиқада ўқилади

Мунофиқнинг уч белгиси бор...

Фото: KUN.UZ

Мунофиқлар ҳақида эшитганмиз. Улар қандай одамлар бўлади? Мунофиқларни бошқалардан ажратувчи белгилар борми? Бу ҳақда таълим берар эканлар, Пайғамбаримиздан (с.а.в) қуйидаги ҳадис келтирилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай дедилар: “Мунофиқ одамнинг аъломатлари учтадир:

1. Қачон гапирса, ёлғон гапиради;

2. Қачон ваъда берса, ваъдасини устидан чиқмайди (яъни, ваъдага вафо қилмайди);

3. Унга бирор бир нарса омонат қилинса, омонатга хиёнат қилади (яъни, бирор бир нарсани омонат қилиб берилса, уни ўз эгасига қайтариб бермайди)”.

Шарҳ: Кўриниб турибдики, мунофиқнинг уч аломати бор экан. Одамлар билан суҳбатлашганда, бирор бир хабарни етказганида ёлғон гапиради. Буни, албатта, ўз манфаати учун қилади. Иккинчи белгиси, ваъда берса, унинг устидан чиқмайди. Бу билан масъулиятни ҳис этмайди, ўзида бебурдлик иллатини шакллантиради ва ўзгаларни ҳурмат қилмайди. Учинчи белги – омонатга хиёнат қилиш, яъни бировнинг ҳақига хиёнат қилишидир. Бу билан ўзига нисбатан бошқалар ишончини йўқотади.

Бир сўз билан айтганда, мунофиқ – тусланувчи, иккиюзламачи одамдир. У ўзгалар кўз олдида Аллоҳга ишонувчи, унинг айтганларини қилувчи мўмин-мусулмон бўлиб кўринади, аммо қалбан бу нарсаларни тасдиқламайди, гуноҳ ишларда давом этаверади.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.

Мавзуга оид