Спорт | 20:50 / 01.06.2018
11973
2 дақиқада ўқилади

Жасур Ҳасанов: «Насаф»дан пул туфайли кетмадим»

Фото: FC Nasaf

«Насаф» клуби молиявий муаммолар туфайли бир қанча футболчилари билан хайрлашиши ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Биринчи бўлиб жамоани яримҳимоячи Жасур Ҳасанов тарк этди. Тажрибали футболчи бунинг сабаблари ҳақида Sports.uzнашрига интервью берди.

«Ростдан, менинг «Насаф»дан кетишим кутилмаган ҳолат бўлди. Менимча, бундай бўлишини ҳеч ким ўйламаганди. Айни пайтда кўпчиликнинг оғзида «Насаф»да пул йўқ, маошлар вақтида берилмаяпти, легионерлар клубдан кетаркан, деган гаплар юрибди. Лекин менинг кетишимга буларнинг мутлақо таъсири йўқ. Ойлик маош ёки мукофот пулларини бермаётгани ҳеч қандай сабаб эмас. У ердан кетганимнинг сабаби умуман бошқа. Менинг мухлисларга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Аксинча, қўллаб-қувватлашгани учун улардан миннатдорман. Шу боис ишқибозлардан мингдан-минг розиман. Мен доим мухлислар билан биргаман. Кетишимнинг аниқ сабабини айта олмайман, буни ўзим биламан. Аммо буни барибир айтишга мажбурман, фақат вақти соати келганда айтаман. Ҳозир эса подадан олдин чанг чиқармоқчи эмасман» - деди Ҳасанов. 

Шундан сўнг, футболчи келажакда қайси жамоада тўп сурмоқчи экани ҳақида гапирди.

«Ҳозир менга «Сўғдиёна» ва 5-6 та клуб қизиқиш билдиряпти. Лекин ҳали ҳеч кимга аниқ жавоб берганим йўқ. Чунки вариантларим кўп. Қолаверса, Суперлигада бироз таътил бўлади. Шу пайт давомида ҳаммасини ўйлаб чиқиб, кейин бир қарорга келаман. Тўғри, Жиззах жамоаси билан оғзаки гаплашдим. Лекин ўртамизда бирор нимани ҳал қиладиган гап бўлгани йўқ. Сўзда бошқа, амалда бошқа бўлиши мумкин. Айни пайтда ҳеч кимга фалончи клубга ўтаман деб айта олмайман. Менимча, тез орада ҳал бўлиб қолади» - деди Ҳасанов.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид