Ўзбекистон Суперлигасида навбатдаги мавсум якунига етиб бормоқда ва атиги икки тур қолганда ҳам биратўла тўрт жамоа назарий жиҳатдан чемпионлик имкониятига эга бўлиб туриши – жиддий воқеа. Янада эътиборлиси, мавсум якунлангач, пешқадам учта жамоанинг очколари сони тенг бўлиб қолиши ҳам мумкин экан. Бу – ички чемпионатнинг ўзига яраша рақобатбардош бўлиб бораётганидан дарак беради, бундай курашларда тобланган футболчилар муҳимроқ даражадаги турнирларда ўзини кўрсатиши ва миллий жамоага чақирув олиши мумкин бўлади.

Қуйида сўнгги турлар олдидан чемпионлик интригалари ҳақида сўз юритилади ва жамоаларнинг имкониятлари чамалаб кўрилади.

28 турдан кейинги турнир жадвали:

«НЕФТЧИ»

Табиийки, айни пайтда энг кўп очко тўплаб турган, чемпионлик масаласи фақат ўз қўлида бўлган ягона жамоа – «Нефтчи». Фарғоналиклар 2001 йилги мавсумдан бери, яъни 24 йиллик танаффусдан сўнг ўз тарихида олтинчи бор мамлакат чемпионига айланишга яқин турибди. Қизиғи, шу эсланган мавсумда ҳам кейинги ўринларни «Пахтакор» ва «Насаф» қўлга киритганди.

«Нефтчи»нинг кейинги ўйинлари:

29-тур. «Нефтчи» – «Қизилқум» (22 ноябр)
30-тур. «Хоразм» – «Нефтчи» (30 ноябр)

Ҳозирда «Нефтчи» 61 очкога эга ва энг яқин таъқибчиси «Насаф» билан орадаги фарқ 3 очкони ташкил қилмоқда. Регламентга кўра, очколар тенг келиб қолганда ўзаро ўйинларга қаралиши эътиборга олинса, бу борада устунлик фарғоналикларда. Биринчи даврада Қаршида ўтган ўйинда ҳисоб очилмаган бўлса, Фарғонада мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишган. Демак, «Насаф» етиб олмаслиги учун «Нефтчи»га яна уч очко олиш кифоя қилади.