Жамият | 00:54 / 02.06.2018
48483
3 дақиқада ўқилади

Адабиётшунос олим ректорат ва уларнинг “бункер”и ҳақда кескин фикр билдирди (видео)

Таълим тизимини ислоҳ этиш жамият келажагини мустаҳкамловчи сиёсий ҳаракатлардан биридир. Чунки ана шу ислоҳот замирида қанчадан қанча иллатларнинг барҳам топиши, тизимга янгича қараш ва ёндашув ётади. Умуман олганда бугунги давр Ўзбекистони учун янги таълим ислоҳоти зарур. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали кўплаб чиқишлар қилинмоқда ва уларда турли фикрлар ўртага ташланмоқда.

“Ўзбекистон” телеканали орқали “Муносабат” кўрсатувининг 31 майда эфирга узатилган навбатдаги сонида ҳам айнан мана шу мавзу кўтарилди. Унда сўзга чиққан адабиётшунос олим Омонулла Мадаев қуйидаги фикрларни ўртага ташлади.

“Ҳозир бу ерда жуда кўп мунозаралар бўляпти. Шу ерда кимдир аудиторияда телефонларни назорат қилганлиги ҳақида гапирди. 

Ўқитувчилар ҳамма болалардан 10 доллардан пул йиғиб олишибди. Кейин абитуриентлар телефондан бемалол фойдаланишган. Бу гадойчилик эмасми? Бу ўқитувчи номига номус, уят, даҳшатли бир фожиа эмасми? 

Мен айтаяпман, ҳозир гапираверасизлар, лекин энг олий даражадаги абитуриент ўзининг олий даражадаги ишини қилаверади. Мен бунга юз фоиз ишонаман. Мен 1966 йилдан буён қабул комиссиясида ишлайман. 1990 йилдан кейин репетиторлик билан шуғулландим. 30 йил давомида репетиторлик қилдим. Ёдингизда бўлсин, пухта тайёрланган ўқувчи ҳамиша ўқишга киради. 

Аммо исталган пайт ўз манфаатини кўзлайдиган, ўзининг манфаати билан иш қиладиганлар бор. Сиз мана “бункер” деяпсиз. “Бункер” – жуда катта хўжалик. Унда бир кун ишлаган ўқитувчи 500 дан 1000 долларгача олади. “Бункер” ташкил қилинадиган жойларда ётадиган, овқатланадиган жойи бўлади. Буни ректор ёки ректорат билмаса, ким шуғулланади бу нарса билан?

Тасаввур қилинг, бугунги кунда контракт билан ўқиган одам ҳали ректор бўлгани йўқ. Ректорларнинг барчаси давлат иқтисодидан ўқиган одамлар. Шу одамларнинг ҳам тепасида хўжайинлари бор. “Битта боламни ўқишга кирита олмасанг, нима қилиб юрибсан?”, дейишади. Натижада улар ҳам “бункер” қилишга мажбур бўлади”, - деди ўз фикрларини билдирар экан О.Мадаев.

Бошловчининг миллат келажаги ҳақидаги гапларига адабиётшунос олим кескин жавоб қайтарди.

“Ҳозир миллатнинг келажаги билан иш қиладиган одамнинг ўзи йўқ. Агар президентнинг янги қабул қилган қарори («Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги – таҳр) ишга тушмайдиган бўлса, ҳеч қандай фойдаси бўлмайди.

Қарорни амалга ошиши учун унинг асосий ижрочиси қабул имтиҳонида ишлайдиган масъул одамлардир. Ректорат, проректорлар, қабул имтиҳонининг раислари, муовинлар – мана шулар. Лекин уларнинг ҳар бирида ўқишга кирадиган бир нафар одам бор”, - дея таъкидлади Омонулла Мадаев.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид