Таълим | 11:10
404
2 дақиқада ўқилади

Нодавлат таълим муассасалари қонунбузилиш хавфи бўйича баҳоланади

Ўзбекистонда нодавлат мактабгача таълим, умумий ўрта таълим ҳамда қўшимча таълим хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунбузилиш хавфини баҳолашнинг электрон тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Тизим орқали таълим муассасалари хавф даражасига қараб таснифланади ва профилактик чоралар кўрилади.

Фото: AP

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган низом лойиҳасига кўра, қонунбузилиш хавфини таҳлил қилиш махсус электрон тизим орқали амалга оширилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, хавф даражаси тадбиркорлик субъектларининг лицензия ва тасдиқнома маълумотлари, статистик кўрсаткичлари, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа қонуний манбалардан олинган маълумотлар асосида баҳоланади.

Шу билан бирга, хавф таҳлили жараёнида тадбиркорлик субъектларидан қўшимча ҳужжатлар ёки маълумотлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

Лойиҳага мувофиқ, баҳолаш натижаларига кўра таълим муассасалари уч тоифага ажратилади: юқори хавф, ўрта хавф ва паст хавф.

81 балл ва ундан юқори натижа қайд этган субъектлар юқори хавф тоифасига, 61–80 балл йиғганлар ўрта хавф тоифасига, 60 балл ва ундан кам кўрсаткичга эга муассасалар эса паст хавф тоифасига киритилади.

Ҳуқуқбузарлик хавфи юқори ёки ўрта деб баҳоланган муассасаларда қонунбузилишларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ўтказилади. Текширув ўтказиш ташаббуси эса, асосан, профилактик чоралар самара бермаган ҳолларда кўриб чиқилади.

Бунда инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилганда, жамоат хавфсизлигига таҳдид мавжуд бўлганда ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолатларда профилактика тадбирларисиз ҳам текширув ўтказилиши мумкин.

Лойиҳада таъкидланишича, хавф таҳлили натижалари ўз-ўзидан тадбиркорлик субъектига нисбатан жазо чоралари қўллаш учун асос бўла олмайди. Тизимнинг асосий мақсади қонунбузилишларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишдан иборат.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид