Light | 23:40 / 03.06.2018
18312
4 дақиқада ўқилади

Таълим учун вақт борми: 15 дақиқа қоидаси

Фото: Fotolia

Ҳозирги кунда бепул курслар ва таълим учун кўплаб имкониятлар мавжуд. Бироқ биз хорижий тилни ўрганиш, ОТМга кириш имтиҳонларига тайёрланиш, янги соҳани эгаллаш ёки спорт билан шуғулланишни келажакдаги ноаниқ муддатга қолдириб, бунинг учун қачондир вақт ажратишга умид қиламиз.

Ҳақиқатда эса бу муддат ҳеч қачон келмаслиги эҳтимоли жуда катта. Бунинг учун вақт бўлмаса ҳам имкониятни айнан ҳозир излашдан ўзга чора йўқ. Масалан, 15 дақиқа қоидасидан бошлаш керак.

Ишни кичкина нарсалардан бошланг

Хорижий тилни ўрганиш учун ҳозирги кунда қимматбаҳо нарса – жуда кўп вақт талаб этилади. Бироқ буни ҳар куни 15 дақиқадан бошласа ҳам бўлади. Нонушта вақти ёки ундан кейин, иш орасидаги танаффус, транспорт ёки ухлашдан олдин 15 дақиқа ажратиш.

Бу бизга нима беради? Кунига 15 дақиқа шуғуллансангиз ҳам бунинг учун йилига 91 соат сарфлайсиз. Бу эса кам эмас. Албатта, кунига 15 дақиқа сарфлаб, 91 соатда хорижий тилни тўлиқ ўрганиш ёки моҳир марафончига айланишнинг имкони йўқ. Бироқ айнан 15 дақиқали старт янги мақсадлар сари ҳаракатланишга йўл қўймаётган руҳий тўсиқ ва ялқовликни енгишга ёрдам беради.

Сўфитўрғай ёки бойўғли?

Биз учун керакли 15 дақиқани қаердан олиш керак? Дастлаб сиз куннинг қайси қисми – эрталаб, кундузи ёки кечки пайтда фаол эканингизни аниқлаб олинг. Айнан шу даврда 15 дақиқали режани бошланг.

Жараёнларни биргаликда олиб боринг ёки уларни алмаштириб туринг

Ҳатто ишхонада жараёндан чалғиш имконияти бўлмаса ҳам офис ёки уйга етиб олиш учун кетадиган вақтга диққатингизни қаратинг. Балки метро ёки автобусда кетишни кичик таълим машғулоти билан биргаликда амалга ошириш мумкиндир?

Ишдан бўш вақтингизда нима билан машғул эканингизни таҳлил қилинг. Ижтимоий тармоқларда ўтирасиз ёки телевизор кўрасизми? Агар одатларингиздан воз кечишни истамасангиз (аслида миянгиз бу машғулотлар вақтида дам олмайди), сўнгги 15-30 дақиқани фойдали ишга сарфлаб, вақтни қисқартиринг.

Ўлчамга эга мақсадлар ўйлаб топинг

Мақсадсиз шуғулланиб бўлмайди. Бироз вақт ўтгач, бу жонингизга тегади ва бошлаган ишингизни ярим йўлда ташлаб кетасиз. Ўз олдингизга ўлчамга эга аниқ мақсадлар қўйинг.

Масалан:

- бу ҳафтада нимани ўрганишингиз керак?

- кейинги ҳафтада қандай янги билимларни ўзлаштирмоқчисиз?

- бир ойдан кейин қандай кўникмаларга эга бўлишни истайсиз?

- билимлар натижасида нималарга эришишни хоҳлайсиз?

Орзу қилинг, ёзинг ва шахсий режангизни амалга оширишни бошланг.

“Шахсий” услубларингизни танланг

Шундай шуғулланингки, бу сизга завқ олиб келсин. Ўқинг, фильмлар томоша қилинг, подкастлар тингланг ёки масалалар ечинг. Агар янги сўзларни ёд олиш сизга ёқмаса, севимли китоб, қўшиқ ва фильмларингиздаги сўз бирикмалари ва гапларни ўрганинг. Photoshop’да ишлаш кўникмасига эга бўлишни истайсизми? Дўстингиз ёки қариндошингизга туғилган куни учун унинг суратлари жамланган ишингизни совға қилиш ҳақида ўйлаб кўринг.

Кунига бор-йўғи 15 дақиқа ҳаётни ўзгартириш ва анчадан бери орзу қилган нарсангизга эришишга ёрдам беради. Бунинг учун бошлашнинг ўзи кифоя.

Мавзуга оид