Битта соҳада ишлайдиган 2 ходимдан бири йўналишида кучли профессионал, иккинчиси эса ўрта даражада бўлиши мумкин. Албатта, бир нарсани ўрганиш ва ўзлаштириш доимий меҳнат эвазига келади. Инсон 10 минг соатини ўрганишга сарфласа, қайсидир соҳада эксперт даражасига етиши мумкин, деган қоида бор.

10 минг соат қоидаси

10 минг соат ғояси 1990 йилларда Андерс Эрикссоннинг мақоласида илгари сурилган. Кейинчалик Малколм Гладвелл "Outliers" китоби орқали 10 минг соат ғоясини оммалаштиради. Унга кўра, ҳар қандай соҳада мутахассис бўлиш учун 10 минг соат етарли бўлади.

Яъни, бирор соҳада муваффақиятга эришишни истаган одам унга етарлича вақт сарфласа ва эътибор қаратса, иқтидор даражасидан қатъи назар натижага эришиши мумкин. Бунда аниқ мақсадга йўналтирилган амалиёт олиб бориш ва инсон ўзи ўрганаётган нарсасига кучли диққат қарата олиши керак бўлади. Қоиданинг муваффақияти ҳам шунда.

10 минг соат қоидасидаги энг асосийларидан яна бири қаттиқ меҳнат қилишдир. Албатта, қаттиқ меҳнат билан ҳаракат қилган ҳар қандай одам ўрганаётган соҳасида мутахассис бўла олиши эҳтимоли катта. Бундан ташқари, доимий қаттиқ меҳнат қилган одамда чидамлилик ва ўз-ўзини назорат қилиш хусусиятлари ҳам шаклланади.

10 минг соат қоидасини исталган йўналишда янги нарсаларни ўрганиш учун ишлатиш мумкин. Ўз устида ишлаётган рассом ҳам, бизнесини ривожлантирмоқчи бўлган тадбиркор ҳам, неччидир йил давомида 10 минг соат жисмоний машқ қилишни мақсад қилган яна бир бошқа одам бу қоидани ишлатиб кўриши мумкин. 

10 минг соат неча кун дегани?

10 минг соат 416,67 кунга тўғри келади.

Нималарни ҳисобга олиш керак?

  • 10 минг соат қоидасидан исталган одам ўзига мосланган тарзда фойдаланиши мумкин. Бунда:
  • Олдингизга қўйган мақсадингиз реал ва эришиш имкони бор бўлсин;
  • Кунлик топшириқларни майда бўлакларга тақсимлаб олинг;
  • Кучсизланиб қолмаслик учун доимий танаффуслар қилинг;
  • Ҳар бир кичикроқ муваффақиятни ҳам нишонланг;
  • Сизга бирга шуғулланишда яхши шерик ва ментор бўлса, бу ҳам яхши вариант;
  • Ўзингизни мукофотлаб туринг.