Жаҳон | 09:00 / 01.03.2024
22202
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон расман ягона вақт минтақасига ўтди

1 мартдан бошлаб бутун Қозоғистонда ягона вақт - UTC+5 ўрнатилди. Энди мамлакат Европага бир соат яқинроқ бўлади. 

Фото: AP

Бутун Қозоғистон бўйлаб 1 март, жумага ўтар кечаси UTC+5 ягона вақти расман ўрнатилди. Мамлакат ҳукумати қарорига кўра, Остона, Олмаота ва Чимкент шаҳарларида, шунингдек, Оқмўла, Олмаота, Жамбил, Қарағанда, Қўстанай, Павлодар, Шимолий Қозоғистон, Туркистон, Шарқий Қозоғистон, Абай, Жетису ва Улитау вилоятларида соат миллари бир соат ортга сурилди

Илгари Қозоғистонда иккита вақт зонаси мавжуд эди - UTC+5 ва UTC+6, ҳудудининг катта қисми UTC+6 зонасида жойлашган. Соат ўзгаргандан сўнг бутун Қозоғистон Европага бир соат яқинроқ бўлди, бироқ айни пайтда 1949 йилдан буён ягона вақт амалда бўлган Хитойдан бир соат узоқлашди. 

Қозоғистонда ягона вақт минтақасини олимлар таклиф қилди 

2020 йилда Қозоғистоннинг ягона вақт минтақасига ўтиши ташаббускори Олмаотада жойлашган Василий Фесенков номидаги Астрофизика институти бўлган. Астрофизиклар ўз таклифларини мамлакатнинг аксарият қисми ўз табиий вақтига қараб яшамаслиги билан асослади. 

Ҳукуматга кўра, UTC+5’га ўтиш «энг тўғри ва мақбул вариант» бўлиб, унда Қозоғистоннинг аксарият ҳудудлари табиий вақтга энг яқин вақтдан фойдаланади. 

Аксарият аҳоли ягона вақт минтақаси жорий этилишида мантиқни кўрмаяпти

Қозоғистонда ягона вақт минтақасини жорий этиш қарори мамлакат аҳолиси бир қисмининг норозилигига сабаб бўлди. Ҳукуматнинг расмий веб-сайтида таклиф этилган 2000 йилда қабул қилинган «Қозоғистон Республикаси ҳудудида вақтни ҳисоблаш тартиби тўғрисида»ги қарорга ўзгартиришлар киритиш лойиҳаси муҳокамаси статистикаси шундан далолат беради. 

2023 йил 22 декабрда бошланган лойиҳа уч соатлик онлайн муҳокамасида Қозоғистоннинг 87 нафар фуқароси ягона вақт минтақасига ўтиш учун овоз берди, 945 киши эса қарши чиқди. Шу билан бирга, ҳукумат модераторлари яна 2000 га яқин қозоғистонликларнинг овозларини кўриб чиқишдан бош тортди.

Мавзуга оид