Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
МДҲ мудофаа вазирлари учувчисиз авиацияни қўллашдаги ҳамкорликни муҳокама қилади
2018 йил 6 июнь куни Россия Федерациясининг Кизил шаҳрида МДҲга аъзо давлатларнинг мудофаа вазирлари кенгаши навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда ташкилотнинг Ижроия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилиш кун тартибидаги лойиҳада 24та масала бор. Хусусан, Кенгаш аъзолари Ҳамдўстлик мамлакатларининг 2020 йилгача ҳарбий ҳамкорлиги устувор йўналишларини, «АрМИ-2018» Армия халқаро ўйинларини ўтказиш ва «Минтақавий хавфсизлик-2018» РҚМ бирлашган тизими қўшма компьютерлашган қўмондонлик-штаб машғулотлари, жисмоний тайёргарлик ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришни муҳокама қилади.
Йиғилишда, шунингдек, «Тоза осмон-2018» ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари қўмондонлик-штаб тезкор-тактик машқларининг ўтказилиши, учувчисиз авиациядан фойдаланиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик, гидрометеорология соҳасида ва Ягона давлат радиолокация идентификация тизими соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Мудофаа вазирликлари раҳбарлари МДҲ мамлакатлари қуролли кучларининг қўшма (биргаликдаги) алоқа тизими тўғрисидаги, ҳарбий мақсадларда фойдаланиш учун сунъий йўлдош алоқа тизимларидан фойдаланиш ва уларни янада такомиллаштириш, геомакон маълумотларни алмашиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув лойиҳаларини кўриб чиқадилар.
Бундан ташқари, учрашувда МДҲ давлатлари Олий ҳарбий-таълим муассасалари ассоциацияси, 2017 йил учун қуролли кучлар авиацияси парвозлари хавфсизлиги ҳолати, қатор ташкилий ва молиявий масалалар кўриб чиқилади.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг мудофаа вазирлари Кенгаши 1992 йилда ташкил этилган. Унинг таркибига Озарбойжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон вакиллари киради.