Хайрия натижаси: Икки ярим соатли операция ва жажжи қизалоқ саратон устидан ғолиб бўлди
Элиф ёдингиздами? Шифокор бўлишни орзу қилган, саратон деган балои азимнинг 4-даражали оғир ҳолатдаги хасталик билан курашган қизалоқ. Қизчанинг соғайиб кетиши учун KUN.UZ таҳририяти яхши ният билан хайрия уюштирган эди (У шўх ва қувноқ, аммо оғир дард исканжасида...). Куни кеча хабар келди. Элиф мураккаб жарроҳлик амалиётидан муваффақиятли чиқибди. У дарддан халос бўлди. Ажойиб янгилик! Чин қалбдан хурсанд бўлдик. Уни кўришга, ҳолидан хабар олишга шошилдик.
Академик Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази. Бу маскандан неча-неча хаста диллар қувончга тўлиб қайтмокда. Элиф ҳам ана шундай жажжи қалб эгаларидан бири. Қизалоқ парваришланаётган бўлимга келганимизда, бизни бўлим раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Миршавкат Акбаров қарши олди.
- Бугунги кунда тиббиётда жуда катта ўзгаришлар амалга ошиб келмоқда. Сўнгги уч йилда тиббиётга катта эътибор юқори технологиялари операцияларга бўлган интилишимизни янада кучайтиради. Буйрак усти безининг ўсмаларини кам инвазев технологиялар ёрдамида олиб ташлаш операцияларини биттаси мана қизча билан ўтказилди. Қизчамиз кўп вақтлардан бери қорин бўшлиғидаги номаълум ўсма ташхиси билан онкологларимизда даволашда бўлган, кимётерапиялар ўтказган. Бунинг оқибатида катта ҳажмдаги ўсма кичрайиб, буйрак усти безидан чиққанлиги аниқланган. Ўзимизда мана шундай операцияларни ўтказиш имконияти борлигидан бехабар фуқароларимиз чет элга чиқиб, ўзларини овора қилишади.
Кичик суҳбатимиздан сўнг, биргаликда Элифнинг олдига кирдик. Нигоҳлари ёниб турган Элиф бизни кўриб, хурсанд бўлиб кетди.
Ҳа, азиз дўстлар. Ўлим билан якунланиши айтилган хасталик устидан мана шу қизча ғолиб бўлди. Бу, албатта, Аллоҳнинг марҳамати ва хоҳиши билан. Элифнинг онаси эса ёрдам қўлини чўзганларга дил изҳорини йўллади. Кўнгил ҳайратлари билан бўлишди.
- Операция икки ярим соат бўлди. Икки ярим сантиметр бўлиб қолган ўсимтани олишди. Ўсимта йўқ, лекин барибир онкологияда ётишимиз керак. Чунки ўсимта қайта ўсишининг олдини олишимиз керак. Ҳаммаси яхши бўлса, қайтиб бу дардга чалинмаслигини Аллоҳдан ният қиламиз. Фарзандим операциядан қайтиб чиққанида қайтадан уни дунёга келтиргандек бўлдим. Нима бўлганини тил билан тушунтириб беролмайман. KUN.UZ’да мақола чиққач, одамлар бизга ёрдам қўлини чўзишни бошлашди. Улар орасида чет давлатлардаги юртдошларимиз ҳам бор эди. Улар бизга ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам беришгани учун катта раҳмат айтаман.
Биз Элифни кўргач, Яратганга яна бир шукр айтдик. Дилларимиз шодланди. Аллоҳ мўъжизасидан ҳайратландик. Ташқарида ғунча бўлиб турган атиргулга нигоҳимиз тушар экан, уни Элифга менгзадик. Бугун қизча ғунча. Энди у, насиб қилса, албатта, чирой очиб, гул бўлади. Ўзи орзу қилганидек шифокор бўлади.
Аллохдан дуо билан сўраганимиз бор экан, фарзандларимизга яхшиликлар бериляпти. Биз хайрияда иштирок этган барча яхши одамларга раҳмат айтамиз. Яратган барчамиздан рози бўлсин!
Мавзуга оид
22:14 / 14.08.2024
Янги Зеландияда 300 дан ортиқ оилага таркибида ўлимга олиб келувчи метамфетамин бўлган конфетлар тарқатилди
12:33 / 27.01.2023
"Болаларим тўшакка михланиб қолишидан қўрқаман" — икки фарзанди оғир хасталикка чалинган она изтироби
11:58 / 30.12.2022
“Онам учун жигаримни бераман”— фарзандлари учун яшашга куч топаётган она ўкинчи
12:20 / 16.12.2022