Технология | 19:44 / 07.06.2018
13976
2 дақиқада ўқилади

Путин Telegram блокланмаслигини маълум қилди

Россия ҳукумати ижтимоий тармоқларни ва хизматларни ёпмоқчи эмас. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин «Прямой линии» вақтида шу ҳақда берилган саволга жавобан айтиб ўтди.

Видеоблогер президентдан Instagram ва YouTube блокланиши ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритишни сўраганди. Бунга жавобан Путин шундай деди: «Биз ҳеч нарсани ёпмоқчи эмасмиз. Мен Telegram атрофидаги вазиятни ҳам жуда яхши биламан. Мен ўз навбатида одамларимиз хавфсизлигини биринчи ўринга қўяман. Ҳуқуқ-тартибот органлари менга маълум қилишича, Петербург метросидаги портлаш вақтида террорчиларнинг ёзишмаларини ўқий олишмаган, террорчилар бундан фойдаланишган».

Путин шунингдек, бундай муаммоларни ҳал қилиш учун тақиқлар қўллашни ёқламаслигини билдирган. 

«Ҳаммасини тақиқлаш осон, илғор ечимлар топиш қийин. Шунинг учун, мен жиноятчиликка қарши курашда замонавий воситалардан фойдаланишни рағбатлантираман. Эркинликни, хусусан интернетда чеклаб бўлмайди», деган у.

Апрель ойи бошида Москванинг Таганский туман суди «Роскомнадзор»нинг Telegram мессенжерини блоклаш ҳақидаги талабини қаноатлантирди. «Роскомнадзор» 16 апрель куни Россия ҳудудида Telegram’ни блок қилишни бошлади. Бунга мессенжер маъмуриятининг ФХХга фойдаланувчилар ёзишмаларининг шифрлаш калитини тақдим этмагани сабаб қилиб кўрсатилди.

Блокировка жараёнида «Роскомнадзор» тақиқланган сайтлар рўйхатига хостинг-провайдерларнинг (улар орасида Google ва Amazon ҳам бор) 20 миллиондан зиёд IP-манзилларини киритди. Шу боис Россиянинг кўплаб сайтларива сервислари фаолиятида узилишлар кузатилди. Бундан ташқари, идора Telegram’га кириш имконини берувчи 80 та VPN ва прокси-сервисларни ҳам блоклади.

«Роскомнадзор»нинг саъй-ҳаракатларига қарамай, россиялик жуда кўплаб интернет-фойдаланувчилар ҳали ҳам Telegram’дан фойдаланиш имкониятига эга бўлиб турибди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид